Пхеньян Шимолий ва Жанубий Корея темир йўлларини бирлаштирмоқчи

Бу ҳақда КХДР темир йўллар вазири ўринбосари Ким Юн Хёк Россияда бугун ўз ишини бошлаган “Шарқий иқтисодий форум – 2018” ялпи мажлисида эълон қилди, деб ёзади РИА Новости.

У Шимолий ва Жанубий Корея темир йўлларини бирлаштириш жуда муҳим лойиҳа эканлиги, уни амалга ошириш учун бор имконият ишга солиниши лозимлигини таъкидлаб ўтган.

“Ўтмишда бўлгани каби биз Транскорея ва Трансибирь магистралларини тенглик ҳамда ўзаро манфаатдорлик асосида бирлаштириш йўлидаги муаммоларга амалий ечим топиш учун фаол саъй-ҳаракатларни сафарбар этамиз”, - деди у.

Вазир ўринбосари РФ, КХДР ва Жанубий Корея бу борадаги ишларни долзарблиги ҳамда халқаро манфаатлар нуқтаи назардан биргаликда кўриб чиқиш ташаббусини билдирди.

У мазкур режа Шимолий ва Жанубий Корея раҳбарлари ўртасида шу йил 27 апрель куни Пханмунджом чегара ҳудудида бўлиб ўтган саммитда имзоланган тарихий қўшма декларацияда ҳам белгилаб қўйилганини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, Шарқий иқтисодий форум бу йил тўртинчи бор ташкил этилди. 12 сентябрь куни якунланадиган ушбу тадбир Русский оролидаги Узоқ Шарқ федераль университети оромгоҳида бўлиб ўтаяпти.

1 191
Манба api.uz