Тожикистонда президент танқидидан сўнг телевидениеда танқидий-таҳлилий материаллар пайдо бўлди

Тожикистон президенти давлат телевидениеларида таърифу тавсифлар, мақтов ҳаддан ортиқ кўплигини танқид қилганидан сўнг уларда таҳлилий-танқидий материаллар пайдо бўлди.

Сўнгги бир ҳафта давомида мамлакатнинг биринчи каналида бир неча таҳлилий ва танқидий кўрсатув намойиш этилди. Жумладан, Турсунзода туманида кузги экин зарурий даражада йўлга қўйилмагани танқид қилинди. Унга кўра, ҳосил йиғиштириб олиниб, ер бўш бўлишига қарамай, баъзи ҳудудларда ер ўз вақтида шудгор ҳам қилинмаган.

Яна бир танқидий кўрсатувда Кўлоб шаҳрида чиқинди қутилари ўз вақтида бўшатилмаслиги сабабли санитария-эпидемиология талабига зид ҳолат пайдо бўлганлиги намойиш этилди.

Таҳлилий кўрсатувлардан яна бирида айтилишича, Хатлон вилояти шаҳар ва туманларида 21 та истироҳат боғи мавжуд бўлиб, фақат 4 таси талабга жавоб беради. Ҳатто вилоятнинг маъмурий маркази – Бохтар (собиқ Қўрғонтепа) шаҳридаги боғ ҳам талабга жавоб бермайди.

Яна бир кўрсатувда озиқ-овқат маҳсулотлари таҳлил қилиниб, Тожикистонга импорт қилинаётган баъзи маҳсулотларнинг талаб даражасида эмаслиги очиб берилди.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон мамлакат шимолига сафари пайтида Сўғд вилояти телевидениесининг қўшимча биносини фойдаланишга топшириш маросимида қатнашиб, журналистларни фақат таърифу тавсиф билан шуғулланмай, камчиликларни танқид қилишга ҳам чақирган эди.

1 256
Манба api.uz