Стинг Россия бўйлаб ўз концерт гастролларини бошлади

11 ноябрь куни Москвадаги “Олимпийск” санъат саройида хонанда Стинг (Sting) концерти ўтказилиши маълум қилинди. Британиялик санъаткор Россия давлатлари бўйлаб концерт дастурларини 5 ноябрь куни Екатеринбург шаҳридан бошлади.

Ушбу концерт ташкилотчилари бўлган “Matreshka Concert” агентлиги директори Вера Боринанинг айтишига кўра, хонанда ўз шоуларида VIP-ҳудудлар ташкил этилишига қаршилик қилмаган. "Аммо, – демоқда Вера Борина, – VIP-жойлар саҳнага жуда яқин жойда бўлмаслиги керак. Стинг каби хонанданинг рўпарасидаги диванда ўтириб концертини томоша қилиш шу вақтгача бўлмаган, бўлмайди ҳам”.

Стинг Екатеринбург ва Қозон шаҳрида ўтказилган концертлар ташкилотчисига мухлисларига чипталарни арзон нархларда сотиб олиш имконини берадиган фан-ҳудудларни кўришни хоҳлаётганини айтган.

Хонанда Екатеринбургдаги концертларидан кейин 7 ноябрь куни Қозонда, 9 ноябрда Санкт-Петербургда ўз шоусини тақдим этади. Унинг концертларида америкалик регги-ижрочиси Шегги (Shaggy) ҳамкорлик қилади.

Стинг ва Шегги бу концертда 2018 йилда чиқарилган "44/876" деб номланувчи альбомидаги қўшиқлардан тақдим этишади. Альбомнинг номланиши Британия ва Ямайка давлатлари телефон кодларидан келиб чиқиб танланган.

Стинг ямайкалик дўсти Шегги билан мусиқий ҳамкорлик қилиб келишдан ташқари, Ямайкада ўзининг энг хит тароналаридан бири “Every Breath You Take” қўшиғини ҳам яратган.

Кўплаб қўшиқлар муаллифи бўлган Стинг жамоат арбоби ҳамдир. У ўз фаолиятини 1977 йил “The Police” рок гуруҳида бошлаган. Олти марта “Грэмми” мукофоти билан тақдирланган ва Рок-н-ролл шуҳрати залидан ўрин эгаллаган. Стинг 1985 йилдан яккахон ижрочи сифатида фаолият олиб боради. Бу йўналиши бўйича 10 марта "Грэмми" соҳиби, икки бор “Brit Awards”, "Олтин глобус", "Эмми" ва “Оскар”нинг учта номинацияси бўйича мукофотлар соҳиби бўлган. Унинг 100 млн нусхадан ортиқ мусиқий альбомлари сотилган.

1 428
Манба api.uz