Сингапурнинг иқтисодий “мўъжиза”си

Сингапур – Жанубий-Шарқий Осиёда жойлашган, 719,9 км2 майдонга, 6 миллион аҳолига эга шаҳар-давлат. Бу мамлакат дунёда давом этаётган иқтисодий инқирозга қарамай гуллаб-яшнашда, ривожланишда давом этмоқда. 

Жанубий-Шарқий Осиёдаги Британия колонияси бўлган Сингапур ҳайратланарли равишда ривожланмоқда. Айни пайтда, нуфузли сиёсатчилар ва иқтисодчилар фикрига кўра, ХХI асрда ривожланган, яшнаган, намунали давлатдир. Сингапур 7 та асосий тараққиёт йўналиши – молия, транспорт хизматлари, логистика, шаҳарсозлик, соғлиқни сақлаш, рақамли иқтисодиёт ва илғор ишлаб чиқаришни танлаб олган.  

Мамлакатда хорижий сармоядорлар учун ўз фондларини очишга қулай шарт-шароитлар яратилгани боис осонроқ бўлади. Келажак иқтисодиёти бўйича қўмита чет эл сармоясини жалб қилиш усулларини имкон қадар соддалаштириш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада қулайлаштириш фикрини илгари сурмоқда. 

Сингапурнинг деярли барча ютуқлари бир киши — ислоҳотчилар асосчиси, мамлакатнинг собиқ бош вазири Ли Куан Ю номи билан боғлиқ. 

Хўш, Сингапур ниманинг ҳисобига ривожланди? 

Бу саволнинг жавоби битта – уддабурон етакчилик ҳисобига дейиш мумкин. Ота-онаси инглиз тили муаллимлари бўлган Ли Куан Юни болалигидан «Kuan Yew», яъни «нур ва ёрқинлик» деб чақиришар эди. Бу исм «аждодларига шон-шавкат келтирувчи» деган маънони беради. Миллат отаси сифатида тан олинган ва давлатни 30 йил бошқарган Ли Куан Ю ўз иродасини намойиш қилди, нафақат аждодларига, миллатига шон-шавкат ҳамда фаровонлик келтирди, ўз ваъдасига биноан халқини дунёнинг етакчи давлатлари қаторига қўша олди. 

Ли Куан Юнинг сафдошлари ягона жамоа бўла олишди. Бу кучли жамоанинг қоидалари аслида жуда содда: юқори салоҳиятли одамларни миллатга бош қилиш, амалий ишбилармонлик муҳитини яратишга уриниш ҳамда ҳалоллик! 

“Мен зўр ҳуқуқшунос бўлмоқчи эдим. Британияликлар бошқараётган мамлакатда ҳуқуқшунос бўлиб етишиш учун британ бўлишимга, инглизчани ўрганишимга тўғри келди, университетларда ва энг яхши ҳуқуқшунослик мактабларида таҳсил олдим”, дейди Ли Куан Ю. 

Ли Куан Ю коллежни тугатиб, Кембриж университетига ўқишга киради ва уни муваффақиятли тамомлаб, ватанига қайтади. Меҳнатсевар, тиришқоқ ёш йигит қатъий, иродали, прогматик, миллий анъаналарга содиқ инсон. Беш йил ичида Халқ ҳаракати партиясининг бош котиби лавозимига эришди. Яна беш йилдан сўнг мамлакат бош вазири бўлди.  

Ли Куан Ю мамлакатда ўттиз йил давомида бош вазир лавозимида ишлади. У хорижий сармоядорларни ўз мамлакатига таклиф қилиш билан ишларни бошлади. Мамлакатда қимор ўйинлари тақиқланди, алкоголь ичимликлар фақатгина махсус дўконларда юқори нархларда сотилади. Ли Куан Ю ҳукуматнинг иқтисодий ривожланиш стратегиясининг асоси қилиб, Сингапурни Жанубий-Шарқий Осиёдаги молиявий ва савдо марказига айлантириш, шунингдек, хорижий сармоядорларни жалб этишни белгилайди. Бунинг учун мумкин ва мумкин бўлмаган чораларни қўллайди.

ХIХ асрдан бошлаб, Сингапур Британия колонияси бўлган, шунинг оқибатида Британиянинг таъсири, унинг тили ва анъаналари ҳали ҳам сезилади. 63 та оролда жойлашган ушбу давлат табиий ресурсларга деярли эга эмас, ҳаттоки Малайзия ва Индонезиядан ичимлик суви ва қурилиш қуми сотиб олиб келинади. Шунга қарамай, Сингапур энди банклар, осмонўпар бинолар, чиройли йўллар ва дунёнинг энг яхши солиқ, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларига эга. 

“Биз ҳар бир сармоядорни мамнуният билан кутиб олдик. Ишлаб чиқаришни бошлаш учун, унга жон-жаҳдимиз билан ёрдам қилдик”, деб ёзган Ли Куан Ю ўз таржимаи ҳолида. Натижада кўпгина халқаро бизнес юритаётган америкалик ва бошқа давлатларнинг трансмиллий компаниялари Сингапурда кенг кўламли юқори технологияли, электронли саноат учун замин яратди. 

Мустақилликка эришган вақтда Сингапурда коррупция ниҳоятда авж олган эди. Ли Куан Ю бу даврни шундай ифодалайди: “Коррупция – Осиё ҳаётининг ўзига хос хусусиятларидан биридир. Одамлар “мукофот”ни очиқдан-очиқ қабул қилишади, бу улар ҳаётининг бир қисми эди. Уни йўқотишда ўз дўстларингиздан учтасини панжара ортига ўтқазишдан ишни бошланг. Нима учунлигини сиз ҳам, улар ҳам яхши биласизлар. Жазонинг муқаррарлиги коррупцияни жиловлаб турувчи биринчи омилдир. Иккинчи омил – бозор даражасига мос келувчи маошдир. Биз энг кўп маош тўланадиган ўн фоиз кишиларнинг даромадига диққатимизни йўналтирганмиз. Модомики, мансабдорларимиз энг кўп ҳақ олмас экан, уларнинг ҳукуматга нима кераги бор?” 

Коррупцияга қарши курашиш “қарор қабул қилиш тартибини соддалаштириш ва аниқ, оддий қоидалар, шу жумладан, рухсат бериш ва лицензиялашни бекор қилиш каби сунъий, қонунларга барча ноаниқликларни бартараф этиш билан бошланди”. Суд тизими раҳбарларининг маошлари кескин кўтарилиб, “энг яхши хусусий адвокатлар” раҳбар лавозимига тавсия қилинди. 

Қаттиқ тартиб-интизом, масъул ижро интизоми, қонун устуворлиги ва қонун олдида барча фуқаролар тенг жавобгарлиги ўз самарасини берди. 

Бугунга келиб, Сингапур жаҳонда ривожланган мамлакатдир. Ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган улуши 53 минг АҚШ долларини ташкил қилади. 

Сингапурликларнинг 90 фоизи барча шароитларга эга бўлган уй-жойларга эга.

Бу мамлакатда ишсизлик даражаси бор-йўғи 2 фоизни, ўртача иш ҳақи 5808 сингапур долларини ташкил этади. Сингапур долларининг қадри баланд. Инфляция даражаси 0,4 фоиз. Сингапурда эркак ва аёллар 62 ёшдан пенцияга чиқишади. 

Бош вазир топшириғига мувофиқ маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар ўртасида мунтазам равишда бизнес юритишни осонлаштирувчи хронологик кузатувлар, учрашув ва дебатлар ўтказиб борилади. Сингапур жаҳон банкининг “бизнес қилиш” рейтингида етакчи ҳисобланади. Шунинг учун бутун дунёдан сармоялар бу мамлакатга оқиб келади. 

“Яна юз йилдан сўнг Сингапур мавжудлигича қоладими-йўқми айтолмайман. Ҳаммаси давомчиларимнинг фаолиятига боғлиқ” деган эди марҳум бош вазир.

Нормамат Аллаёров, иқтисод фанлари номзоди

1 58
Манба api.uz