Дунёдаги энг даҳшатли китоб сири ошкор этилди

Мичиган университетида сақланадиган дунёдаги энг даҳшатли китобнинг "даҳшати" айнан нимада эканлигига аниқлик киритилди. Мазкур китоб қарғиш ёки тавқи лаънатдан иборат эмас. Аммо уни қўлга олган инсон ўзини нохуш ҳис эта бошлайди.

"Ажал девори сояларидан" деб номланувчи китоб 86 саҳифадан иборат. Қизиғи, китоб варақлари уй деворига ёпиштириладиган гулқоғозлардан иборат. Энг ажабланарлиси – китобда ҳеч қандай матн мавжуд эмас. Лекин у таъкидлаганимиздек ҳаёт учун хавфли ҳисобланади.

Аниқланишича, 150 йиллик тарихга эга ушбу китоб саҳифалари маргимуш заҳрига тўйингани учун ҳам уни қўлга олганларга зарар етказган. Бунинг асл сирини билмаганлар эса китобни бехосият деб ҳисоблашган.

Китоб турли қоғозларнинг токсик жиҳатлари ҳақида илмий тадқиқот олиб борган инглиз олими Роберт Кедзи томонидан 150 йил аввал яратилган. Олимни ушбу тадқиқотга тасодифий воқеа ундаган. Янги хонадонга кўчиб кирган оилада кичик қизча хасталаниб қолади. Кун сайин аҳволи оғирлашади. Шифокорлар ҳам, дин вакиллари ҳам унинг дардига шифо топа олишмайди. Хонадон эгалари касаллик сабабини аниқлаш мақсадида Роберт Кедзига мурожаат қилишади. Хонадонга ташриф буюрган олим касаллик пайдо бўлиши ва кучайиши сирини ошкор қилади.

Олим қизчанинг хонасига ёпиштирилган гулқоғозлардан парча олиб текширувдан ўтказади. Маълум бўлишича, қоғозда юқори даражада маргимуш миқдори бўлган ва айнан шу модда қизалоқ саломатлигига салбий тасир кўрсатган.

Аниқланишича, XIX асрда хонадонлар деворига ёпиштириладиган қоғозлар таркибида маргимуш (мишьяк) мавжуд бўёқлар билан бўялган. Бундай гулқоғозлар Америка аҳолиси ўртасида кенг урф бўлган.

Юқоридаги воқеа сабаб Кедзи заҳарли гулқоғозларни фолиантга йиғишга қарор қилади. Бу фолиант дунёнинг энг хавфли китоби сифатида довруқ қозонсада, аммо унинг "хосиятсиз"лиги айнан нимада эканлиги кўпчилик учун сир бўлиб қолган.

Айни вақтда Мичиган университетида мазкур китоб махсус ҳимоя қобиқли ойна остида сақланади. Унга фақат резина қўлқоп билан тегишга рухсат берилади. "Ажал девори сояларидан" китобини варақлашга журъат этадиганлар жуда камчиликни ташкил этади.

1 237
Манба api.uz