Дубайда дунёдаги энг катта китоб ярмаркаси ўтказилади

18-28 октябрь кунлари Дубайда дунёдаги энг катта китоб ярмаркаси ўтказилади. Унда Big Bad Wolf Books нинг уч миллиондан ортиқ китоблари тақдим этилади.

Узлуксиз ишлаши кутилаётган бу ярмаркага ташриф буюрганлар ўзлари истаганча китоб олиш имконига эга. Шунингдек, бу китоблар 50-80 фоиз чегирмалар билан сотилади. Ўзининг кичик кутубхонасини ташкил этиш ниятида бўлганларга китобларни ташиб олиш учун махсус аравачалар тақдим этилиши ҳам айтилмоқда.

Маълумот учун: Big Bad Wolf Books 2009 йили Малайзиядаги аҳолининг саводлилик даражаси пастлигидан ташвишга тушган эр-хотинлар томонидан ташкил этилган эди. Бу жуфтлик 2006 йил Куала-Лумпурда аҳоли ўртасида китобхонлик даражасини ошириш учун кутубхона очган. Кейинчалик улар мазкур эзгу иш тўлақонли самара келтира олиши учун қамров доирасини кенгайтиришга қарор қилган. Янги китоб дўконларини очиш серхаражат иш бўлгани учун, кўплаб нашриётларнинг сотилмай қолган китоблари йиғилиб, ярмаркалар ташкил этишга киришилган. Ҳозирда Big Bad Wolf Books томонидан ўтказилаётган бу каби ярмаркалардан Куала-Лумпур, Жакарта, Манил, Себу, Коломбо, Бангкок ва Тайбэ аҳолиси фойдаланмоқда.

1 292
Манба api.uz