"Chrome" “виждонсиз” сайтларнинг барча рекламаларини блоклаб қўяди

"Chrome" браузерининг янги, 71-версиясида "виждонсиз" сайтларнинг эълонлари блоклаб қўйилади. Бу ҳақда "Google"нинг блогида маълум қилинган. "Google" компанияси шу йўл билан браузер фойдаланувчиларини агрессив рекламадан муҳофаза қилиш ниятида.

Ҳозирги вақтда "Chrome" браузери видеоларнинг автоматик қўйилиб кетиши, учиб чиқадиган ойналар ва шубҳали сайтларга қайта йўналтириш ҳолатларини блоклаб қўяди, бироқ браузер дастурчиларининг фикрича, бу чоралар етарли эмас.

“Виждонсиз” сайтлар деганда фойдаланувчиларнинг ишончини суиистеъмол қиладиган сайтлар назарда тутилади. Улар мулоқот ойналарига ўхшаш рекламалар, босганда янги саҳифа очилиб кетадиган кўринмас элементлар жойлаштиришади, реклама ва бошқа сайтларга олиб ўтадиган ҳаволаларни сайтнинг интерактив элементлари остига яшириб қўйишади.

Айни вақтда шундай сайтлар фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини ўғирлаш учун фишинг билан шуғулланади, фойдаланувчи қандай ҳаракатни амалга оширишидан қатъи назар ишлаб кетадиган қайта йўналтириш функциясини қўллашади ва қурилмаларни ишдан чиқарувчи вирусларни тарқатишади.

1 257
Манба api.uz