Тошлоқда бир кутубхона бор...

Фарғона вилояти Тошлоқ тумани марказидаги икки қаватли бинонинг иккинчи қаватида кутубхона жойлашган...
 
Ҳозирги кунда бу ерда сара, ўқимишли деб, мутолаага тавсия этилаётган асарлар йўқ ҳисоби. Ўқув зали, болалар бўлими, китобларни сақлаш бўлими, йўлаклар, кўзи ожизлар кутубхонаси ва бошқа хоналар талабга жавоб бермайди. Эшик-ромлар, турли жиҳозлар ёмғир-қор суви ўтавериб қийшайиб, ёрилиб, эшилиб кетган. 
 
photo5348034608182176065.jpg
 
Мазкур кутубхона айни пайтда Тошлоқ иқтисодиёт коллежи тасарруфида бўлиб, у “Ахборот-ресурс маркази” деб аталишини кўпчилик ё билади ё билмайди. Коллеж маъмурияти бу марказни ўз ҳолига ташлаб қўйган, унга биров киряптими-йўқми, янги китоблар олиняптими, бу билан ҳеч ким қизиқмайди. Кутубхонанинг китоб фонди 2006 йилдан бери ўсмаган. Кутубхона ходимларининг ўзлари ва баъзи ҳомийлар ёрдамида янги китоблар олиб турилади. Кутубхонада 4 киши меҳнат қилади. Улар ўз вазифасини яхши бажаряпти, иложи борича китобхонларни ноумид қайтармасликка ҳаракат қиляпти. Китобхонлар билан учрашувлар, суҳбатлар ўтказиб турилибди. Лекин... 
 
photo5348382887080208667.jpg
 
– Бино 1980 йилларда аслида “Олтин водий” ресторани учун қурилган бўлиб, туманлардаги умумий овқатланиш бўлимлари тугатилгандан сўнг уни туман кутубхонасига беришган, – дейди Тошлоқ иқтисодиёт коллежи тасарруфидаги “Ахборот-ресурс маркази” раҳбари Улфатхон Хонпўлатова. – Ўша йиллари бу даргоҳ жуда гавжум бўларди. Китобхонлар сони ҳам кўп эди. Турли тадбирлар ўтказилар ва унда кутубхонага аъзо бўлган юзлаб ишчилар, зиёлилар, ёшлар қатнашарди. Тилга тушган роман, қисса ва ҳикоялар асосида тайёрланган саҳна кўринишларини мириқиб томоша қилишар ва фикр-мулоҳаза билдиришарди. Энди эса ҳозирги талаб асосида сўралган асарларни топиб беролмаётганимиздан кўнглимиз тўлмаяпти.
 
photo5348382887080208670.jpg
 
Марказда шу йил бошида аҳоли талабига мувофиқ кўзи ожизлар кутубхонаси очилди. Туманда 430 нафар кўзи ожизлар бўлиб, уларнинг 200 нафари кутубхонага аъзо. 
 
photo5348382887080208671.jpg
 
Кутубхона биносининг ички ва ташқи кўриниши таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Зиё масканида китоб фондини янгилаш ва бойитиш зарур. Компьютер, кўзи ожизлар учун махсус компьютерлар, сўзловчи дисклар умуман йўқ. Кўчиб кетган паркет поллари, пачоқланган стол-стуллар, шкафлар ва жиҳозлар ачинарли кўринишда.
 

Муқимжон Қодиров (сурат) ЎзА

1 36
Манба api.uz