Сурхондарёда халқаро фестивални ўтказиш бўйича штаб тузилди

5 ноябрь куни Сурхондарё вилояти ҳокимлигида 2019 йилнинг 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида бўлиб ўтиши белгиланган халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш бўйича штаб тузилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

Мулоқот давомида вилоят ҳокими Баҳодир Пўлатов фестивалнинг ўтказилиши юзасидан бахшичилик санъати ривожига ҳисса қўшган халқ бахшилари ҳамда фан докторларидан таклиф ва тавсиялар олди.

Таклифлар орасида йўқолиб бораётган халқ достонлари, халқ оғзаки ижоди намуналарини видео, аудио ва матн кўринишида ёзиб олиш ва сақлаш лозимлиги билдирилди. Бахшичилик мактабидаги кутубхонани зарур китоблар ва мусиқа асбоблари билан жиҳозлаш, Шеробод достончилик мактаби асосчиси – Шерна бахшининг қабри атрофида ободонлаштириш ишларини олиб бориш каби масалалар ҳам ўртага ташланди.

Ҳоким мазкур амалий таклифларни бажариш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.

Йиғилиш якунида воҳада бахшичилик санъати ривожига қўшган ҳиссаси учун Шоберди бахши Болтаев, Муҳаммад бахши Эшбоев ва Бахтиёр бахши Ортиқов вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосарлари, бошқарма раҳбарлари, бахшилар, сценарист ва режиссёрлар, тарихчилар, ёзувчи ва шоирлар, ОАВ ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон президентининг 2018 йил 1 ноябрда қабул қилинган “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан ҳар икки йилда Сурхондарё вилоятида Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилади.

1 256
Манба api.uz