Шавкат Мирзиёев мактаб таълимини такомиллаштириш бўйича вазифалар берди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2 ноябрь куни халқ таълими тизимини янада ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Йиғилишда мактаблар биноси, уларнинг моддий-техник базаси ҳолатига эътибор қаратилди. Мактабларда 11 йиллик тизимга ўтилгач, ўқувчилар сони 1 миллионга ортган. Бугунги кунда 138 та мактаб филиали ўз биносига эга эмас, 55 та филиалда ўқувчилар сони меъёридан юқори.

Президент белгиланган мактаблардаги қурилиш-таъмирлаш ишларини якунлаш, марказлашган инвестиция маблағлари ҳисобидан уларни жиҳозлаш кераклигини таъкидлади.

Ҳудудлар талабидан келиб чиқиб, лицей ва коллежларнинг бўшаган биносини жорий йил охирига қадар Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказиш, 2019 йил 1 январгача жойлардаги мактаб филиалларини асосий мактабга айлантириш, мактаб автобуслари билан тизимли таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда мактабларда билим бериш ва ўзлаштириш даражаси бугунги замон талабларига мос эмаслиги танқид қилинди. 10-11-синф ўқувчиларини касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этиш ва уларни жиҳозлаш ишлари қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди.

Мамлакатда хорижий тажриба асосида хусусий мактабларни ривожлантириш истиқболли вазифалардан экани қайд этилди.

Йиғилишда мактабларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларининг бориши ҳам муҳокама қилинди. Халқ таълими ва Молия вазирликлари маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда 2 ҳафта муддатда мактабларни куз-қиш мавсумига тўлиқ тайёрлаш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.

1 650
Манба api.uz