Мирзиёев ва Макрон учрашуви. Имзоланган 10 та ҳужжат алмашилди

Елисей саройида 9 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэл Макроннинг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда савдо-иқтисодиёт, инвестиция, энергетика, технологиялар, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари батафсил муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Франция ҳукуматлараро комиссияси фаолиятига алоҳида аҳамият қаратилди.

Франция тараққиёт агентлиги билан умумий қиймати 600 миллион еврога яқин инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик дастури имзоланди. Франциянинг «Эйрбас», «Тоталь», «Тоталь Эрен», «Винчи», «Орано», «Веолия», «Фивс Штейн», «Буиг», «Ранжис» ва бошқа кўплаб компаниялари билан ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширишга келишиб олинди.

Иқтисодиёт, муҳандислик иши, қишлоқ хўжалиги, туризм каби йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистонда Страсбург университети ва Пантеон Сорбонна университети Париж академияси филиалларини очилади.

Учрашувда маданият ва санъат, туризм, фан ва техника, таълим, соғлиқни сақлаш, археология соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Шунингдек, 2021 йилда Лувр музейида Ўзбекистон тарихига бағишланган кўргазма ўтказилади. Бу Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан бирига бағишлаб Луврда ўтказиладиган илк шундай тадбир бўлади.

Ташриф давомида автомобиль транспортида ташиш, туризм, ҳарбий-техникавий ҳамкорлик, техник кўмак, космосни тадқиқ этиш, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, маданият ва бошқа соҳаларга оид 10 ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди.

Музокаралар якунида ҳужжатлар ўзаро алмашилди.

1 274
Манба api.uz