Бир айланиб “журналист” бўлиб олган тадбиркорлар

Айни кунларда Хитойда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) давлатларидаги муҳим ОАВларининг халқаро бўлимлари масъуллари учун семинар ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистондан ҳам 14 вакил қатнашмоқда. Оббо, энди барча ОАВ, сайтлар, ижтимоий тармоқлар Хитой ҳақидаги маълумотлар-у мақолаларга тўлиб кетаркан-да, дейсизми? Асло! Нима учунлигини эса мақоламиздан билиб оласиз.
 
Мен Хитойга Инновация вазирлигининг матбуот хизмати раҳбари сифатида “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) давлатларидаги муҳим ОАВларининг халқаро бўлими масъуллари учун семинар” деб аталадиган тадбирга келдим.
 
Хитойга учишимдан бир кун олдин Хитой Тижорат вазирлигининг Тошкентдаги канцеляриясидан ҳужжатларимни оларканман, Чинга бир ўзим учишим маълум бўлди. Вазирлигимизга юборилган хатда 6 та ташкилотнинг номи ҳам кўрсатилгани учун бироз таажжубландим, аммо на илож? Паспортимни олиб чиқиб берган йигит бу ташкилотларнинг ходимлари ҳужжат тайёрлашга улгурмагандир деди. Пекинда кутиб олган таржимон қиз – Геля семинар дастурини бераркан, очилиш маросимида сўзга чиқишим кераклигини айтди.
 
Эртасига чиқиш қилиб, юртимиздаги ўзгаришлар ҳақида ҳам гапирдим. Оммавий ахборот воситаларига кўрсатилаётган алоҳида эътибор, юртимизда юз бераётган ислоҳотлар туфайли журналистларга авваллари ёритиш мумкин бўлмаган муаммоларини кўтариш имкониятига эга бўлганини айтдим. Ўз навбатида мамлакатимизда мана шу муаммоларни ҳал қилиш учун кенг кўламли ишлар олиб борилаётганига ҳам алоҳида урғу бердим.
 
IMG_20180905_103229.jpg
 
Сўнг семинарнинг бошқа давлатлардан келган иштирокчилари ҳам ўзларини таништирди. Уларнинг бари етакчи журналистлар, ахборот агентликлари, телеканаллар бошлиқлари ва давлат органларининг матбуот хизматлари раҳбарлари эканлиги маълум бўлди. Шунингдек, Геля яқин кунларда Ўзбекистондан яна 13 киши етиб келишини айтди.
 
Энди семинар дастури ва яратилган шароитлар ҳақида. Семинар 1 сентябрь куни бошланиб, 20 сентябргача давом этади. Шанба ва якшанба кунлари Хитой университетларининг профессор-ўқитувчилари тушликкача бир мавзуда, тушликдан кейин иккинчи мавзуда маъруза ўқишади. Қолган кунлари бизни турли ОАВ таҳририятлари, ташкилотлар, музейлар, заводларга олиб боради. Бугунга қадар Халқаро Хитой радиоси, Пекиндаги ШҲТ котибияти, Пекин шаҳарсозлик идорасининг кўргазма зали, “Синьхуа” ахборот агентлиги, Хитой Марказий телевидениеси, Хитой илм-фан ва техника музейи, автомобиль ишлаб чиқарадиган “Beijing Motor Co., Ltd” компаниясига бордик. Шунингдек, Буюк Хитой деворини кўриш бахтига ҳам муяссар бўлдик.
 
"China Pictorial", “Синьхуа”, радио ва телевидение таҳририятларида давра суҳбатлари ўтказилиб, қизиқарли мулоқотлар бўлди, турли саволларига жавоб олдик. Улар билан ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш ҳақида фикрлар билдирилди.
 
Семинар юқори савияда ташкил этилган. Пекиннинг марказидаги меҳмонхонага жойлашганмиз. Ҳар бир семинар иштирокчисини автомобилда кутиб олиниши, барча шароитларга эга меҳмонхонанинг алоҳида номерларда яшашимиз, уч маҳал овқатланишимизу, кунда-кунора ресторанларга боришимиз, Хитойга бориб-келиш чипталаримиз, экскурсиялар, семинар давомида кутилмаган касалликлар учун тиббий тўловларнинг ҳаммасини Хитой томони қоплаган. Бунинг устига, ҳар бир иштирокчига кунлик пул ҳам берилди. 13 сентябрдан эса Хитойнинг жанубида жойлашган Гуанси-Чжуан автоном районидаги бир нечта шаҳарларга боришимиз режалаштирилган.
 
Энди шунча шароит яратилгандан кейин Ўзбекистондан борган 14 иштирокчи сайтлару, ижтимоий тармоқларни, газета-ю журналларни, телевидение-ю радиони Хитой ҳақидаги маълумотлар билан тўлдириб юборади, деб ўйлаётгандирсиз! Асло! Ундай бўлмайди! Нима учун, дейсизми? Чунки бу ерга келган ўзбекистонликлар ичида журналистлар сони икки-уч кишигина холос. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидан битта ходим, Сирдарё телевидениесидан битта оператор йигит ҳамда семинар бошланганидан кейин бир ҳафта ўтиб, Пекинга келган “Фарғона ҳақиқати” газетасининг яна бир ходими ва журналистика факультетининг битта талабасидан бошқа бирорта бизнинг соҳага ҳеч бўлмаса бирозгина дахлдор вакил йўқ! Кимлиги ноаниқ 9 иштирокчи! Улар менинг журналистлигимни билишгач, қаердан келдингиз, деган саволимга “биз ҳам журналистмиз”, дея гап бошлашади, редакторини, нашрининг ададини сўраганимдан сўнг уларнинг ҳеч қанақа журналист эмаслиги аниқ бўлади-қўяди. Қандай қилиб келиб қолдинглар бу семинарга, деган саволга бири мужмалроқ жавоб берса, бошқалари “бирор иш қилиб, қотириб қўймаганимизда бу ерга бизни жўнатишмаган бўларди”, деб ўдағайлашади ҳам. Учрашувларда улар қабул қилувчи томонга на бирор мавзу бўйича савол бера олишади, на саволларга жавоб. Хитойга саёҳатимиз қанчалик зўр ташкил этилган бўлмасин, ҳамроҳларимнинг савиясидан портлаб кетай деяпман, десам ҳеч нарса демаган бўламан.
 
Наҳотки, Ўзбекистонда шундай нуфузли тадбирга жўнатиш учун арзийдиган журналистлар топилмаган бўлса?! Бу савол мени мендан кейин келган биринчи учта иштирокчилар билан танишганимдан бери қийнайди. Айтганча, айнан мана шу уч нафари менга ҳам, таржимонимиз Геляга ҳам ўзларини тадбиркормиз деб таништирди. Менга номаълум, ўзлари ҳам номини тилга олмаган Хитой корхонасининг маҳсулотларини сотиш билан шуғулланишаркан. Аммо келишган кунининг эртасигаёқ, уларни жўнатган одамлар билан алоқага чиқишгач, бир айланиб “журналист” бўлиб олишди. Қолганлари эса огоҳлантирилгани учун таржимонимизга ўзларини журналистмиз, деб таништирибди. Бироқ ҳар сафар уларга берган иккинчи саволимдаёқ ундай эмаслиги кундай равшан бўлади-ю, менинг юрагим қоп-қора бўлади.
 
Назаримда, шу сафарларга жўнатишга масъул шахслар барча харажатлар ҳамкор томонидан тўланаётгани боис масъулиятни ҳам, жавобгарликни ҳам ҳис қилмаслик йўлига ўтиб олган. "Текин бўлса, уриб қол" нақлига амал қилишяпти. Мазкур семинарлар юртимизга қилинаётган инвестиция, бу ҳам пул ва унинг уволи бор, деган гаплар уларнинг хаёлига ҳам келмайди. Балки семинарга келганларнинг ҳар бири алоҳида хизматлари учун катта қўлловларга лойиқдир (буниси менга энди қоронғи), зўр тадбиркорлардир, лекин улар учун алоҳида бошқа семинарлар ташкил қилинса ва улар ўша ерда иштирок этса, ўзларига ҳам, юртимизга ҳам кўпроқ фойда бўларди.
 
Назокат Азим Абдуқундузова,
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бошлиғи

1 1071
Манба api.uz