“Ўзбекистон” ноширлари XEROX конференциясида иштирок этишмоқда

Бугун барча жабҳада бўлгани каби ноширлик ва матбаа соҳасига ҳам инновацион технологиялар жадал суръатда кириб бормоқда. Бинобарин, инновацион технологиялар ноширлик ва матбаачиликнинг мураккаб жараёнларида ўзининг тезкор ва сифатли иши билан олдинда турган вазифаларни ҳал этишда қўлланилмоқда.

2018 йилнинг 7-9 ноябрь кунлари Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида Xerox компанияси томонидан ҳамкорлик конференцияси ўтказилмоқда. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи вакиллари – Инновация, янги технологиялар ва сифатни бошқариш масалалари бўйича директор ўринбосари Олимжон Мелиев ҳамда Тезкор ишлаб чиқариш цехи ходими Абдураҳмон Абдуғаниев Москва шаҳрида бўлиб ўтаётган Xerox ҳамкорлик конференциясида иштирок этишмоқда.

Ушбу конференция давомида вакилларимиз соҳага оид сўнгги янгиликлар билан таниши билан бир қаторда жадаллаштирилган курсларда касб маҳорати ва малакаларини ошириш ҳам мақсад қилиб олинган.

Конференция Xerox ўқув марказида бўлиб ўтмоқда. Тадбир давомида сўнгги туркумдаги чоп этиш ускуналари намойиши бўлиб ўтди. Хусусан, сўнгги русумдаги янгича инновацион ёндошув асосида ишлаб чиқилган рақамли чоп этиш дастгоҳи XEROX IRIDESSнинг амалдаги имкониятлари кўрсатиб берилди. Айтиш лозимки, ушбу ускуна ўзининг афзаллиги ва тезкорлиги бўйича бошқа чоп этиш дастгоҳларидан анча илгарилаб кетган.

 

ЎзМАА “Ўзбекистон” НМИУ Матбуот хизмати

1 328
Манба api.uz