Нашрлардаги муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди

2018 йил 6 ноябрь куни Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан ҳамкорликда “Нашрларнинг бугунги ҳолати: менежмент ва маркетинг йўналишларидаги муаммолар ва уларни яхшилаш бўйича таклифлар” мавзусидаги семинар-тренинг ўтказди. Унда бир қанча мутахассислар барча вилоятлардан ташриф буюрган босма оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Семинарда вилоятларнинг туман газеталари йилдан-йилга ўқувчиларини йўқотиб бораётганлиги, молиявий аҳволи эса яхши эмаслиги, обуна масаласи доимгидек муаммо эканлиги, одамлар газеталардан узоқлашаётганлиги, газеталар эса одамларнинг асл муаммоларидан йироқлашиб кетганлиги тўғрисида сўз борди.

Семинар-тренингда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриев сўзга чиқди. У бугунги туман газеталаридаги аҳвол ҳақида ўз фикрларини билдирди. Унинг айтишича, вилоят, туман газеталарида реал ижтимоий ҳаёт акс этмаяпти. Мисол учун, Оққўрғондаги ариққа тушган "олтовлон" ҳақида биронта газета ҳам ёзмаган. Бу ҳақда деярли барча электрон нашрлар жар солди. Газеталар улардан олиб, босиши ҳам мумкин эди, дейди у. Ундан ташқари, Лазиз Тангриевнинг қайд этишича, мажбурий меҳнат муаммоси ҳам биронта газетада кўтарилмаяпти. Газеталарнинг моддий аҳволи оғирлиги ҳам бор гап. Кўпгина газеталарда 30 йил аввалги эскича ишлаш тизими ҳукм сурмоқда. Уларнинг ташқи дизайнида ҳам ўзгаришлар сезилмайди. Норматив-ҳуқуқий  ҳужжатлар билан тўлдириладиган нашрлар ҳам талайгина. Кўпгина газеталар қарор ва фармонларни фарқига бормайди. Битта туман газетасида эълон қилинган мақолада туман халқ таълими бўлимининг номи олти хил кўринишда ёзилганига гувоҳ бўлдим, дейди у.
 
Лазиз Тангриевнинг таъкидлашича, нашрларда имловий хатолар ҳаддан ташқари кўп учрамоқда. Хатолари туфайли иши судга оширилган журналлар ҳам бор. 

 

Семинарда Жаҳон тиллари Университети, халқаро журналистика факультети доценти Назира Ташпўлатова, эксперт Беруний Алимовлар таҳририятларнинг ҳаам ижодий ҳамда молиявий аҳволини яхшилаш, шунингдек, моддий-техник базасини замонавийлаштириш бўйича ўз фикрларини билдириб, керакли тавсияларни беришди.

1 424
Манба api.uz