Фарғоналиклар китобларни онлайн буюртма қилишлари мумкин

Шу мақсадда “Фарғона китоб олами” маърифий савдо мажмуасининг @fargonakitobolami телеграм канали ишга туширилди.

Канал айнан китоб тарғиботи, шунингдек, электрон китоблар савдосига ихтисослашган бўлиб, унда янги нашр этилган китобларга оид янгиликлар, машҳур асарлар, адиблар ҳаёти ва ижоди тўғрисидаги қизиқарли маълумотлар, ўтказилажак тадбир ва акциялар, китоб кўргазмаси ва ярмаркалари ҳақидаги эълонлар, ахборотлар ва натижаси бўйича батафсил маълумотлар жойлаштириб борилади.

Китобсеварлар учун ўзлари севган адабиётларнинг электрон шаклини (PDF ҳолатида)  юклаб олиш имконияти ҳам мавжуд.

Вилоят Матбуот ва ахборот бошқармасининг ноябрь ойи режасида ушбу мажмуа билан ҳамкорликда яна бир инновацион лойиҳани ишга тушириш мўлжалланмоқда.

Яъни “Фарғона китоб олами” маърифий савдо мажмуаси томонидан сотувдаги адабиётларнинг интернет орқали электрон савдосини амалга ошириш учун www.kitobxarid.uz сайти ишга туширилади.

Сайт орқали мижозларга замонавий хизмат кўрсатиш мақсад қилинган бўлиб, китобларни мажмуага ташрифсиз ҳам дўкон нархида электрон пул ўтказиш тизими ёрдамида сотиб олиш мумкин бўлади. Маълум ҳудудларга харид қилинган китоблар эгаларига бепул етказиб берилади.

1 487
Манба api.uz