“Балтийская целлюлоза” Ўзбекистонга йилига 23 минг тонна қоғоз етказиб беради

2018 йилнинг 18-19 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг мамлакатимизга қилган давлат ташрифи Ўзбекистон ва Россия муносабатларини янги босқичга олиб чиқди.

Ўтказилган юқори даражадаги учрашувларда стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, турли соҳаларда янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ҳамда ишбилармон доиралари ўртасида йирик инвестиция ва савдо шартномалари тузилди. Бир қатор соҳаларда, хусусан, ҳудудлар кесимида ҳамкорликда фаолият юритиш, олий таълим тизимини янада ривожлантириш бўйича алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича самарали келишувларга эришилди.

Мана шу ташриф самараси ўлароқ, 2018 йил 31 октябрь куни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори Лазиз Тангриев қоғоз етказиб бериш бўйича энг йирик россиялик ҳамкор ташкилот “Балтийская целлюлоза” комипанияси Бош директори ўринбосари Елена Лехнович бошчилигидаги вакиллар билан учрашув ўтказди.

Учрашувда 2019 йилда Ўзбекистонда катта миқдордаги мактаб дарсликлари, бадиий, болалар ва ижтимоий-сиёсий адабиётлар нашр қилиниши, албатта, бунинг учун зарур бўладиган қоғоз маҳсулотларини харид қилиш ҳамда етказиб бериш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Шу куннинг ўзида “Балтийская целлюлоза” компанияси вакиллари ЎзМАА тизимидаги нашриёт-матбаа корхоналари раҳбар ва мутахассислари билан учрашиб, келгусидаги ҳамкорликнинг истиқболли режаларини муҳокама қилишди.

Маълумот учун айтиш керакки, мазкур ташкилот Россия ва МДҲ республикаларига целлюлоза ва қоғоз маҳсулотини етказиб берувчи энг йирик бўлган компания бўлиб, Ўзбекистоннинг давлат ва нодавлат матбаа корхоналари билан 15 йилдан бери ҳамкорлик қилади. Бу компания республикамиздаги матбаа корхоналарига бир йилда 23,0 минг тоннадан зиёд офсет ва газета қоғозини етказиб беради.

“Балтийская целлюлоза” компанияси 10 та давлатдаги 24 та қоғоз ишлаб чиқарувчи компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйганлиги, Россия ва МДҲнинг 9 та, шунингдек, Швеция, Финландия, Австрия, Германия, Голландия, Буюк Британия, АҚШ, Хитой, Индонезия, Чехия, Ҳиндистон, Япония каби илғор давлатларнинг матбаа корхоналарига қоғоз маҳсулотларини етказиб бериши билан ҳам алоҳида аҳамиятга молик.

1 566
Манба api.uz