Пойабзал тозаловчи болакай

Эрталаб соат олтилар атрофида аэропортда икки дўстим билан парвоз эълон қилинишини кутаётган эдик. Чамаси етти яшар болакай ёнимизга келиб: “Оёқ кийим тозалатмайсизми?” — деб сўради.

 Аслида бунга ҳожат бўлмаса-да, аммо болакайга ачинганимдан: “Ҳа”, — дедим. У чаққонлик билан бир жуфт шиппакни оёқларим олдига қўйди ва туфлимни ечди. Сўнгра уни диққат билан кўздан кечириб, тозалайдиган қутисини эҳтиёткорлик билан очди. Туфлининг боғичлари кир бўлмаслиги учун ечиб қўйди ва ишга киришди. Болакай ўз ишининг ҳадисини олган этик тозаловчи каби енгил ҳаракат қиларди. Туфлиларни охиригача мойлаб бўлгач, чўтка билан сайқал беришни бошлади. Туфлим ялтирарди. Охирида яна бир латта олиб, роса ишқалади: “Хотиржам бўлинг, пайпоғингиз ҳам, шимингиз ҳам мой бўлмайди”, — деди менга қараб.

Бу ёшдаги бола эрта тонгдан шунчалик терга ботишига ҳайрон бўлиб қолдим. У ишини тугатиб, туфлининг боғичларини ўтказиб, оёғим олдига қўйди. Туфлимни кийиб, боғичларини боғладим. У ҳам нарсаларини йиғиштириб, одоб билан ўрнидан турди.

— Қанча берай? — дедим.

— Бугун сиз менинг биринчи мижозимсиз, қанча берсангиз ҳам, Худо баракасини берсин! — деди болакай.

Мен яна қайтардим:

— Айтавер, қанча бўлади?

— Биринчи мижозларимга ҳеч қачон нарх белгиламаганман.

— Қанча берсам ҳам, қабул қиласанми? — дедим.

— Бош устига! — деди у.

Болакайни синаб кўриш фик­ри хаёлимга келди. Чўнтагимдан битта 500 туманлик чиқардим-да, қўлига тутқаздим. Бу пулни кўриши билан эътироз билдиришига шубҳам йўқ эди, лекин ўша оқилона ишим билан унга қанча берсангиз ҳам олавераман демаслигини уқтириб қўймоқчи эдим. Бола пулни пешонасига теккизди ва чўнтагига солди. Ташаккур айтиб, сумкасини қўлига олди-да, кетишга тараддудланди. Чўнтакдан дарҳол 10 минг туманлик қоғоз пул чиқариб, унга узатдим. Бола бошини кўтариб, мен томонга ўгирилди ва нигоҳини тик қадаб:

— Қанча берсангиз ҳам майли дедим-ку! — деди.

— Ҳа биламан, лекин сени синамоқчи эдим, — дедим узрли оҳангда.

Бола мурувватли нигоҳини менга қаратди. Мен эса, унинг ўша ўткир қараши остида эзилдим.

— Сиз? Сиз мени имтиҳон қилмоқчимисиз?!

У “сиз” сўзини шундай қаттиқ айтдики, ичимдан зил кетдим. Болакай юзини ўгирди-ю, кета бошлади. Кўпроқ олишини ҳар қанча талаб қилсам ҳам қабул қилмади. Охири дўстларим ўртага тушгандан кейингина пулни олди. Ортидан қараб қолдим: тик қомати, бақувват қўллари, кенг елкалари, шаҳдам қадамлари ва мустаҳкам иродаси билан катта одамга ўхшарди. Бола саховат ва ҳиммати билан менга сабоқ берган эди. Дўстларим олдида, ўша йигит олдида, ўзим, асосийси, Аллоҳ олдида уялиб қолган эдим.

Форс тилидан Васила ЖАББОРОВА таржимаси.

yoshlarovozi.uz

1 816
Манба api.uz