Китоб – мангулик обидаси

Бир куни машҳур немис шоири Ҳейнрих Ҳайне танишига шундай дебди: “Болалигимда онам шеърлар ўқиб бергани боис шоир бўлдим. Амаким Соломон эса банк ходими бўлиб етишди. Негаки, ойиси унга фақат савдогарлар ҳақида китобларни ўқиб берарди-да”.
 
Албатта, фарзандларга мутолаани ўргатишда, аввало, ота-она ўрнак бўлмоғи, уларни китобнинг сеҳрли оламига оҳиста етаклаб кирмоғи жоиз. Бу эса фарзандларнинг келгусида эл хизматига камарбаста, фидойи инсонлар бўлиб камол топишларида таянч вазифасини бажаради.

Мутолаада ҳам маданият бор

Китоб ўқишнинг ҳам маданияти борми? Ҳа, албатта. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, китоб ўқиш маданияти жуда кенг ва мураккаб тушунча. Адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов бир пайтлар “Ҳуррият” газетаси мухбирининг “Китоб мутолааси маданиятини кимдир ўргатганми ёки у стихияли тарзда шаклланганми?” деган саволига қуйидагича жавоб берган эди: 
"Мутолаа маданиятини ҳеч ким ўргатган эмас. Агар бу маданият бўлса, унга йиллар давомида тажриба орттириб, ўзим эришганман. Албатта, кейинроқ мактаб, ўқитувчилар, дўстларим, кутубхоналар ёрдамга келган. Лекин дастлаб мутолаа жараёни мутлақо тизгинсиз кечган – бир неча йил мобайнида нушхўрт чиқармай, қўлимга тушган китобнинг ҳаммасини хатм қилганман. Уларнинг орасида олам сирларидан, табиатдаги буюмлар ва ҳодисалардан ҳикоя Нодир Қосимовқиладиган илмий-оммабоп асарлар ҳам кўп эди".

Хўш, мутолаа маданиятини шакллантириш учун йиллар тажрибасига эҳтиёж бор бўлса, ҳозирги ёш авлоднинг “башанг муқовали” (мазмунан саёз) китобларни ўқиётганини ёқлаш мумкинми?

Нодир Қосимов,
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг матбуот тарқатиш, китоб савдоси ва кутубхона фаолиятини мувофиқлаштириш бўлим бошлиғи:
 
– Ҳарқалай китоб ўқияпти-ку! Шунга шукр қилиш керак. Ёмон йўлга кириб, ўтганнинг ўроғини, қайтганнинг кетмонини олувчи қароқчи, зулмкор эмас-ку. Сал бачкана, бир мунча саёз бўлса-да, китоб титкилаяпти. Муҳими, шу эмасми?! Адабиётга дил берган инсоннинг кўнглига эзгулик танда қўяди. Бугун китоб савдо дўконларига кириб, қандай мазмунда ва қай шакл-шамойилда бўлишидан қатъи назар китоб харид қилаётган ҳар бир ёшни эъзозлаш керак. Унга далда бериб, қалбида китобга ошнолик ҳиссини кучайтириш шарт. Шиддатли замоннинг ўзгармас талаби ҳам шу. Усти ялтироқ, ичи қалтироқ китобларни ўқима, десак хато қилган бўламиз. Сиз ва биз ўйлаётган китоблар мутолааасига шўнғиш учун ҳам, аввало, қаланғи-қасанғи, ур-сур, жиноятнинг узун йўли тасвирланган ёки бойликка эгалик қилишга ундовчи китобларниям ўқиса ёмон эмасдек туюлади менга. Ҳамиша танганинг икки томони бор, шуни ёдда тутиб иш кўрсак, айни муддао бўларди. Савдоси яхши, талаб бор китобларни йиғиштириб олсак, шу мазмундаги китоблар хориждан кириб келади. Бу ҳаётий аксиома. Йиллар ўтиб, китоб танлаб ўқиш маданияти ҳам оммавий ривожланиш босқичларидан юқори даражага етишига ишончим комил. Бунинг учун ҳам мунтазам китоб ва мутолааа тарғиботини канда қилмаслик керак. Акс ҳолда, баландпарвоз гаплар билан чекланиб қолган бўламиз. Китоб ихлосмандлигига чақирувни бир сония кечиктириб ҳам тўхтатиб ҳам бўлмайди.

Шу ўринда ХХ аср дунё адабиётининг машҳур адибларидан Ҳерман Ҳессенинг жаҳон адабиётшунослари томонидан юксак баҳоланган “Китоблар сеҳри” асаридан бир парча келтириб ўтсак: “Кўпчилик китоб ўқишни билмайди ва кўп кишилар нима учун ўқиётганини тузукроқ англамайди. Баъзилар буни ўқимишли бўлишнинг қийин, бироқ ягона йўли деб билади. Улар учун ҳар қандай ўқиш кишини “ўқимишли” қилади. Бошқа бировлар учун ўқиш – бу дам олиш, шунчаки вақтни ўтказиш ва уларга нимани ўқиш барибир (романми, ҳикоями, шеър, хабар ва ҳоказо), зерикарли бўлмаса бўлгани... Шунчаки ўқиш – бу диққатни тўплашга мажбур этувчи машғулот ва овуниш учунгина ўқиш ўз-ўзини алдашдир. Лоқайд кишилар учун умуман бирон нарсадан овунишнинг ҳожати йўқ... Мулоҳаза қилмасдан ўқиш – хушманзара табиат қўйнида кўзни боғлаб юришга ўхшайди. Биз ўзимизни ва турмушимизни унутиш учун эмас, ҳаёт жиловини янада онгли равишда анг¬лаш учун ўқишимиз керак. Ҳар бир китобхонга қанақа китоб ўқиш ва сотиб олиш борасида бирор маслаҳат, қоидани кўрсатиб бўлмайди. Бу ишда ҳар бир киши ўз дид ва билимига суянмоғи даркор. Бир неча бор кўпчилик кишилар шахсий кутубхона учун энг зўр 1000 ёки 100 китоб рўйхатини тузишга уринишган ва бундан маъно чиқмайди. Аслида китобхон иккинчи бор мутолаада ҳам яхши таассурот қолдирган китобни албатта сотиб олгани тузук, гарчи у қимматроқ турса ҳам. Юзта энг яхши китоб ёки муаллиф бўлмайди. Энг тўғри, энг аниқ ва умуман инкор этиб бўлмайдиган танқид ҳам йўқ. Кимда ким умум томонидан қабул қилинган қоида ва қолипли фикрларга эмас, ўзининг нозик дид ва юрак амрига қулоқ тутсагина китобларнинг сеҳрли оламини кашф этишга мушарраф бўлади”.

Фикрлар таққосидаги ойдинлашув

Китоб инсоннинг доимий йўлдоши бўлиб, унинг ақлий тараққиётига ёрдам беради. Айниқса, болаликданоқ китоб танлаб, мазмунан бой, маънан юксак савиядаги китоблар мутолааси киши камолотида ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.

Фароғат Худойқулова, Ёзувчилар уюшмасининг ёш ижодкорлар билан ишлаш бўлими бошлиғи:
 
– Элимизда азал-азалдан китобларни танлаб, энг нодир асарлар, достонларни ўқиш, қироатхонлик кечалари уюштириш урф бўлган. Бунинг учун ҳукуматнинг қандайдир муҳим топшириғи кутиб турилмаган. Билъакс, бу анъана аждодлардан-аждодларга мерос ўтиб, ёзилмаган қонунлар асосида ғоятда кўркам қилиб тартиб берилган. Достонхонлик кечаларидаги завқу шавқ билан улғайган ўғил-қиз она тупроқ ҳимояси, шу юрт манфаати йўлида жон аяшмаган. 

Кўряпсизми, яхши китобнинг ижобий таъсири қандай улуғвор ишларга дастмоя бўлади! Тўғри, бир муддат китобхонликдан топарман-тутармонлик сари юз бурдик. Буни сира ҳам айб санамайман. Тирикликнинг моҳияти шунда-да ахир. Лекин тадбиркор, уддабурон одам китоб ўқимайди дегани эмас-ку. Боз устига улар вақтини қизғониб, зарур китобларни танлаб ўқишга ўрганишади. Мақсад, яшашнинг ўлмас мезонларига зид бўлмаган ҳолда, ўқиб, уқиб умр кечиришдир. Бу йўлда кенг омма орасида “Энг яхши китобхон”, “Китобхон оила”, “Менинг биринчи китобим”, “Китоб – энг яхши совға” сингари мавзуларда викториналар, интеллектуал ўйинлар ўтказилаётгани ҳам айни муддаодир. Буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари айтганидек: “Китоб барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”.

Жаҳонда китобдан яхши ёр бўлмас...

Саралаб ўқилган китоблар инсон онгини бойитади, унинг ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни тўғри тушунишга, вақтлироқ илғашга имкон беради. Муҳими, китоб барча-барча учун тўғри яшаш ва ҳаётда ўзига мос ўрин танлаб олишга ўргатувчи дарслик, беминнат дўстдир. Боиси, ундан исталган вақтда фойдаланса бўлади. Унутмаслик лозимки, китоб ўтмишни ҳам, бугун ва эртани ҳам боғлаб турувчи асосий воситадир.

Буюк адиб Абдураҳмон Жомий айтганидек: "Жаҳонда китобдан яхши ёр бўлмас, Давр ғамхонасида ғам ғусор бўлмас. Ёлғизлик кунида ундан ҳар қачон, Юз роҳат етар лек, бир оз бўлмас". Китоб инсониятга ақл-идрок маёғи, тафаккур сарчашмаси бўлиб хизмат қилади. Бу эса ҳар томонлама соғлом инсонни тарбиялашнинг асосий мезонидир.
 


Ғайрат Ширинов, ЎзА

1 144
Манба api.uz