Замонавий ўзбек болалар ёзувчисининг китоби Франкфурт китоб кўргазмасида

Хабар берилганидек, 2018 йил 10 октябрь куни Германия Федератив Республикасининг Франкфурт шаҳрида анъанавий “Frankfurt Buchmesse” халқаро китоб кўргазмаси очилди. Унда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида нашр этилган бир қатор адабий-бадиий, маънавий-маърифий адабиётлар намойиш этилмоқда.

Чунончи, замонавий ўзбек болалар шоири ва ёзувчиси Баҳром Акбаровнинг “Митти ботир” номли насрий асари немис ва жаҳон китобхонларига тақдим этилди. Ушбу китобда Митти ботир – Бойчечакнинг кўрсатган жасорати ҳамда қаҳрамонликлари акс этган. “Митти ботир”да гарчи ўсимлик бўлса-да, ўз замини учун курашган майса ва гулларнинг мардлиги акс этган воқеалар ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Зеро, Ватан озодлиги учун курашганлар ҳеч қачон унутилмайди. Ушбу эртак-асар шуниси билан аҳамиятлидир. Энг асосийси эса китобни немис ўқувчилари ҳам бемалол ўз она тилларида мутолаа қилишлари мумкин. Негаки асар устоз таржимон Хуррам Раҳимов томонидан немис тилига ўгирилган.

Шунингдек, жаҳоншумул кўргазмада немис шоири ва улуғ немис адиби Гётенинг дўсти ҳамда котиби Иоҳанн Петер Эккерманнинг “Гёте билан гурунглар” (немис тилидан Янглиш Эгамова таржимаси), “Немис мутафаккирларининг ҳикматлари” (мазкур китоб ҳам ўзбек ва немис тилларида), Хуррам Раҳимовнинг “Ўзбек сеҳрли эртакларининг немисча типологик каталоги”, Йўлдош Муқимовнинг ўзига хос тарзда битилган “Йўл узоқ – кўнгил яқин. (Барон Мюнхгаузен ва Хўжа Насриддиннинг янги саргузаштлари)”, ХХ асрнинг энг ёрқин адибларидан бири Эрих Мария Ремаркнинг “Лиссабондаги тун”, немис файласуфи ва психологи Эрих Фроммнинг “Инсон қалби” китоблари, қолаверса, ўзбек ва рус адабиётининг мумтоз ва замонавий намуналари иштирок этмоқда.

Ўйлаймизки, нашриёт-матбаа ижодий уйларимизда чоп этилган ушбу китоблар муносиб тарзда эътироф этилиб, дунё китобхонларининг кўнглидан жой олади.

ЎзМАА “Ўзбекистон” НМИУ Матбуот хизмати

1 182
Манба api.uz