Сифатли матбаа маҳсулотларини харид қилайлик

Барчамизга маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан китоб мутолаасини ривожлантириш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда, соҳа ривожи йўлида бир қатор қарор ва фармонлар имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 августдаги “Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони, 2017 йил 17 августдаги “Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги, 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорлари шулар жумласидан бўлиб, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида улар ижросини самарали ташкил этиш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига асосан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги оммавий ахборот воситалари, ахборот алмашиш, матбуот, ноширлик, матбаачилик, ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги ягона дафлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи этиб белгиланган. Шундан келиб чиқиб, Агентлик томонидан матбаа маҳсулотларининг қонунчилик талабларига, давлат стандартларига ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги кўрсаткичларга риоя этилаётгани юзасидан мониторинг ишлари олиб борилмоқда.

Ҳеч кимга сир эмаски, янги ўқув йили бошланиши арафасида жойларда мактаб бозорлари ташкил этилиб, уларда маҳаллий тадбиркорлар томонидан тайёрланган ва хориждан олиб келинган матбаа маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилади. Очиқ тан олиб айтиш керакки, ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатувчи, бехаёликни, “оммавий маданият”ни тарғиб этувчи турли тасвирлар туширилган 12 варақли ёзув, расм чизиш ва бўяш (раскраска) дафтарлари, умумий (36, 48, 96 варақли) дафтарлар ҳам сотилмоқда.

Амалдаги қонун ҳужжатлари, шу жумладан, давлат стандартлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда уларга тегишли таъсир чораларини қўллаш билан боғлиқ аниқ механизмлар, шунингдек, жазо чоралари белгилаб қўйилган. Энг ёмони, бугун ана шундай фаолият олиб бораётган “тадбикорлар”нинг аксарияти бундан хабардор. Шундай бўлса-да, улар ўз манфаатлари йўлида ҳеч нарсадан таб тортишмаяпти.

Шу ўринда ота-оналар ўз фарзандларига сотиб олаётган маҳсулотларни, жумладан, матбаа маҳсулотларини сифати ва кўринишига, қандай тасвирлар туширилганига алоҳида эътибор беришларини сўрардик.

Ўқувчиларимизда ўз-ўзидан “матбаа маҳсулотларини харид қилишда нималарга эътибор қаратиш керак” деган савол туғилиши табиий. Маҳсулот қайси нашриёт ва матбаа корхонаси томонидан тайёрланганига, унинг номи, манзили каби маълумотларнинг борлигига, айниқса, маҳсулотнинг сифатига алоҳида аҳамият бериш керак. Чунки контрафакт маҳсулотларнинг аксариятида шу каби маълумотлар қайд этилмайди.

Мисол учун, мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган 12 варақли дафтар, расм чизиш дафтари, умумий дафтар, китобларнинг варақлари оқ рангли (офсет) коғоздан тайёрланган, варақдаги чизиқлар ва ҳошия аниқ кўриниши, ҳеч қандай доғлар ва техник нуқсонларсиз бўлиши керак. Газета қоғозидан тайёрланган, нашриёт ёки матбаа корхонасининг манзили кўрсатилмаган маҳсулотларни харид қилиш тавсия этилмайди. Чунки юқорида таъкидлаганимиздек, қонунчилик талабларига зид равишда, чоп этишга рухсат этувчи ҳужжати бўлмай туриб ҳам фаолият олиб борувчи “тадбиркорлар” ўз манзилларини яширишга уринишади.

Яна бир муҳим масала. O‘zDSt 2849-2014 “Умумий дафтарлар” давлат стандартининг 3.3.17-бандида “дафтарнинг ва умумий дафтарнинг муқовасига турли фанларга оид суратлар, фаннинг шу соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшган алломалар, мутафаккирлар, олимлар, фан арбобларининг тасдиқланган портретлари, улар ҳақида маълумотлар, ҳикматли сўзлар, мустақиллик нишоналари бўлмиш бино ва иншоотлар суратлари маънавий мезонлар асосида берилади. Муқованинг тўртинчи саҳифасида турли хил муаммоли топшириқлар, чизмалар, мисол ва масалалар ечимига оид намуналар, Менделеев даврий жадвали, Пифагор жадвали, физик қонунлар, тарихий саналар ва фанларга оид бошқа (тасдиқланган) маълумотлар берилади” деб қайд этилган бўлишига қарамай, миллий маънавиятимизга зид расмларни жойлаштириш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.

Ўтган йилнинг сўнгги икки ойи давомида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 372 та матбаа корхонасида мониторинг ўтказилди. Мониторинг натижасида 37 та матбаа корхонаси белгиланган манзилда фаолият юритмаётгани аниқланди ҳамда муассисларнинг аризаларига асосан уларга Агентлик томонидан берилган гувоҳномалар бекор қилинди.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Аксарият нашриётлар ва матбаа корхоналари томонидан “Давлат тили ҳақида”ги, “Ахборот эркинлиги принципи ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатлари бузилаётгани аниқланмоқда ҳамда уларга нисбатан тегишли таъсир чоралари қўлланмоқда.

Жорий йилда ҳам ушбу йўналишдаги ишлар амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бир қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишларни олиб боради.

Хулоса ўрнида айтганда, болаларимизга сифатли ёзув, расм чизиш ва бўяш дафтарлари, умумий дафтарларни харид қилсак, уларнинг соғлиғини, манавиятини, онгу тафаккурини ёт ғоялардан сақлаган бўламиз.

 

А.Валихонов

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги

Бошқарма бош мутахассиси

“Тошкент оқшоми” газетасининг

2018 йил 31 августдаги 167-сонидан олинди

1 2166
Манба api.uz