Қашқадарёда сайёр қабул ташкил этилди

2018 йил 19 июль куни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари Собир Шукуров Қашқадарё вилоят матбуот ва ахборот бошқармасида сайёр қабул ўтказди.

Бу каби сайёр қабуллар Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги раҳбарияти томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида, чекка-чека қишлоқ-маҳаллаларида мунтазам ташкил этилмоқда.

Давлат органлари ва муассасаларида жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, халқ билан яқин юзма-юз мулоқот ўрнатиш ва одамларни ўйлантираётган муаммо, камчилик ва таклифлар ўрганилиб бартараф этилмоқда.

Қашқадарёда ташкил этилган мазкур сайёр қабулда вилоят босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари, матбаачи-кутубхоначилар, шунингдек, нашриёт ходимлари иштирок этди.

Қабул давомида “Воҳа”, “Қашқадарё пресс”, “Осиё овози” газеталари, “Зийрак” журнали, “Насаф” ва “Қашқадарё кўзгуси ОАВ” нашриётлари, С.Насафий номидаги Қашқадарё вилоят ахборот-кутубхона маркази вакиллари ўз мурожаатлари билан иштирок этишди.

Сайёр қабулда “Насаф” нашриёти бош муҳаррири Ш.Аҳматов Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонд томонидан эълон қилинаётган грант танловларида нашриётларнинг ҳам иштирокини таъминлаш, “Воҳа” газетаси бош муҳаррири Б.Жўраев эса “Ижод” жамоат фонди кўмагида таҳририятлар ҳузурида босмахона фаолиятини ташкил этиш, С.Насафий номидаги Қашқадарё вилоят ахборот-кутубхона маркази директори К.Дўстёрова марказнинг мутолаа залида китобхонларга замонавий шароитлар яратиш зарурати борлиги, залда совутиш мосламасининг йўқлиги ҳамда кутубхонанинг том қисмида муаммолар юзага келганлигини билдирди.

Шунингдек, “Қашқадарё кўзгуси ОАВ” нашриёти директори Р.Юлдашева яқинда ўз фаолиятини бошлаган Ўзбекистон ноширлар ва китоб савдоси миллий ассоциациясига аъзоликка қабул қилиниш тартиб-шартлари юзасидан мурожаат қилди.

Қабул давомида ахборот-кутубхона фаолиятини ташкил этиш, китоб савдоси билан боғлиқ бир қатор масалалар муҳокама этилиб, кутарилган масалалар ечими юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

1 226
Манба api.uz