Қашқадарёда сайёр қабул: 3 та масала жойида ҳал этилди

2018 йил 9 август куни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори ўринбосари Ўктам Хамраев иштирокида Қашқадарё вилоятида сайёр қабул ўтказилди.

Унда матбаа корхоналари, ахборот-кутубхона соҳаси ходимлари, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, журналистлар, китоб савдоси билан шуғулланувчи жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакиллари ҳамда шу соҳалар фахрийлари иштирок этди.

Сайёр қабул давомида йиғилганлардан 50 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Саволларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, мурожаатларнинг 3 таси жойида ҳал қилинди.

Жумладан, ғузорлик тадбиркор Д.Холмуродовнинг ўз маблағлари ҳисобидан Ғузор тумани марказида китоб дўкони қуриш учун ер майдони ажратиш, Нишон тумани маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ахборот-ресурс маркази кутубхоначиси бўлиб ишлаган, штати қисқаргани туфайли айни пайтда ишсиз бўлиб турган Г.Тошпўлатовани иш билан таъминлаш, қаршилик тадбиркор Н.Ҳакимов эса Қарши давлат университети ҳудудидаги китоб дўконини кенгайтириш бўйича мурожаатлари юзасидан Ў.Хамраев Ғузор тумани ҳокими А.Бўриев, вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи К.Янгибоев, Қарши давлат университети ректори Б.Шоимқуловлар билан гаплашиб, фуқарога ер майдони ажратиш, иш билан таъминлаш масалаларига ойдинлик киритди.

Ечилиши маълум вақт талаб қилинадиган, шунингдек, бошқа вазирлик ва идоралар келишилиши лозим мурожаатлар тегишли тартибда ҳамкорликда кўриб чиқилиши алоҳида таъкидланди.

1 783
Манба api.uz