Исландияда минг кишига 796 газета тўғри келади, бизда-чи?

2018 йил 11 октябрь куни “Дўрмон“ ижод уйида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди билан ҳамкорликда “Ҳудудий оммавий ахборот воситаларининг ҳолатини яхшилаш бўйича таклиф ва тавсиялар” мавзусида ўқув-семинари ўтказилди.

Ўқув-семинарида Тошкент вилоятида фаолият юритадиган газета, журнал, телевидение, радио, веб-сайтлар таҳририятлари ижодий ходимлари иштирок этди.

– Сўнгги йилларда юртимизда барча соҳаларда бўлганида оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада такомиллаштириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Биз буни қабул қилинаётган соҳага оид мукаммал қонун ҳужжатларида, шунингдек, ОАВнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган амалий чора-тадбирларда кўришимиз мумкин, – дейди Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари С.Шукуров. – Бу каби ўқув-семинарлари республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этиб келинмоқда. Мақсад – туман нашрлари фаолиятида мавжуд муаммоларни ўрганиш, ҳамкорликда уларни ҳал этиш йўлларини топишдир. Энг асосийси, тадбир оддий тадбирлигича қолиб кетмаслиги керак. Яъни унинг якунига кўра, вилоят, туман ва шаҳар таҳририятларида ижобий ўзгаришлар амалга оширилиши зарур.     

Ташкил этилган мулоқотда мамлакатимизда сўнгги йилларда оммавий ахборот воситалари, хусусан, босма нашрлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани, соҳани ривожлантиришга доир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилингани таъкидланди. Айни пайтда соҳада обуна, моддий-техник база ва кадрлар билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжудлигига эътибор қаратилди. 

Амалий машғулотда Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети мутахассислари Н.Тошпўлатова ҳамда Б.Алимовларнинг “Ҳудудий босма нашрларнинг бугунги ҳолати: менежмент ва маркетинг йўналишларидаги муаммолар ва уларни яхшилаш бўйича таклифлар”, “Ҳудудий нашрларда ахборот тайёрлаш – контент масаласи”, “Журналист текширувини олиб бориш босқичлари ва тамойиллари” каби мавзуларда маърузалар тингланди. Шунингдек, иштирокчилар учун маърузачилар томонидан интерфаол ўйинлар ўтказилди.

Семинар якунида таҳририятларни иқтисодий жиҳатдан юксалтириш, газеталарни мазмунан бойитиш, савияси ва ўқишлилигини ошириш, журналистларнинг касб малакасини юксалтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди. Шунингдек, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди. 

Маълумот учун айтиш керакки, бугунги кунда мамлакатимизда 665 газета ўртача 4 миллион нусхада чоп этилишини инобатга олсак, босма нашрларнинг ўқувчиларни қамраб олиш даражаси анча паст экани ойдинлашади. Ўз навбатида, ушбу ҳолат босма нашрлар, айниқса, туман ва шаҳар газеталари учун иқтисодий жиҳатдан мураккаб вазиятни юзага келтирмоқда. 

Интернет тараққий этган айни ахборот замонида бу кўрсаткич Исландияда ҳар минг нафар аҳолига қарийб 796 газета тўғри келади ва бу дунё мамлакатлари орасидаги энг юқори кўрсаткичдир. Бу борада Япония 634 дан зиёд кўрсаткич билан иккинчи ўринни эгаллайди. Осиё қитъасининг яна бир вакили – Жанубий Кореяда эса ҳар минг ўқувчига қарийб 450 газета тўғри келади. Хўш, Ўзбекистонда-чи? 

Хўш, бир томондан интернет журналистика ахборот маконини эгаллаётган, бошқа томондан обуна масаласи тобора оғирлашиб бораётган мана шундай мураккаб шароитда нима қилиш керак? Газеталар ададини қандай кўпайтириш мумкин? Қачонки, газета саҳифаларида ҳудудлардаги долзарб, аҳолини қийнаб келаётган ёки улар учун ҳам манфаатли бўлган мавзулар очиқ-ойдин ёритилса, мавжуд муаммолар юзасидан таҳлилий-танқидий материаллар мунтазам бериб борилса, шу билан бирга, фаолиятга ёндашувни ўзгартириб, бозор тамойилларидан келиб чиққан ҳолда, маркетинг ишлари тўғри йўлга қўйилсагина газеталар адади ортади. Бу эса босма нашрларнинг иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлишини таъминлайди.

1 187
Манба api.uz