Миллий кутубхона 14,6 млн. АҚШ долларига тенг лойиҳани амалга оширмоқда

Аввал хабар қилганимиздек, шу кунларда Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори Л.Тангриев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Жанубий Кореяда электрон кутубхона соҳасидаги ютуқлар билан яқиндан танишиб, ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида музокаралар олиб бормоқда.

Делегация аъзолари 12 июль куни Сеулда жойлашган, 6,5 миллион (шундан 844 мингтаси хорижий нашрлар) босма ва электрон китоб фондига эга Корея миллий кутубхонаси ҳамда Ёнсей университетининг Марказий кутубхонаси фаолияти, у ерда китобхонлар учун яратилган шарт-шароит ва қулайликлар билан яқиндан танишди.

Шу куни Л.Тангриев ва Жанубий Корея миллий кутубхонасининг Электрон кутубхонаси директори Ҳюнг Ҳо Леэ ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида Л.Тангриев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва бугунги кунда амалиётга самарали татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида республикани ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида турли йўналишларда кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётганини таъкидлади. Ўз навбатида, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш, кутубхоналар фаолиятини янада такомиллаштириш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш, кутубхоналарнинг нафақат китоб фондини, балки уларнинг моддий-техник базасини ҳам замонавий техник-ускуналар билан бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Учрашувда Корея Республикасининг Эксимбанк муассасиси томонидан 14,6 млн. АҚШ долларига молиялаштирилаётган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида амалга оширилаётган “Миллий умутаълим кутубхона” лойиҳаси мазкур давлатнинг электрон кутубхона тажрибаси асосида яратилаётгани, бу борада кореялик мутахассисларнинг кўмагини алоҳида таъкидлаб, “Кореяга нигоҳ” лойиҳасини янада кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашишни давом эттиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканини билдирилди.

1 1517
Манба api.uz