Лазиз Тангриев: Китобга қўйилган ҳайкал китоб ҳиди

Олис болаликка хаёлан сафар қилиш ҳеч биримизга бегона эмас. Ширин хаёллар, тотли хотиралар уйғонганда кишини ажиб бир энтиктиради. Болалик дамларини безаган бепоён далалар, дашту биёбонлар, отлар дупури, қўй-қўзилар подаси, чанг қишлоқ кўчалари кино тасмасидек кўз ўнгингдан ўтади.

Ана шу манзаралар ичида пайкал орасида ярқ этиб бўй кўрсатиб турган, илкис ўзига имлаётган қовун-тарвузларнинг тотли ҳиди, помидор бодрингларнинг мазали бўйи ҳали-ҳали димоғимни қитиқлайди.

Эҳ-ҳе! Ҳаммасидан ҳам онам ёпган нонларнинг тафтини айтмайсизми. Тандирдан энди узилиб, буғи чиқиб турган кулча лаби оқариб, кўча чангитиб қорни очган болакайнинг энг тансиқ таоми эди. Айниқса, ширмой нонларнинг ўткир ҳиди димоғингизга урилганда олам чароғон бўлиб кетади. Дилингиз бир яйрайди. “Нон иси” деган жуда тотли ва шартли ибора бежиз айтилмаган, ахир.

Мен буларни нимага эслаяпман? Негадир мана шу айтганларим орасида яна бир унутилмас, дуч келганда юракни орзиқтирадиган, илм олишга ташна, бетизгин ва асов ўсмирликни ёдга соладиган яна бир мўътабар ис, бўй бор!

Бу оламни мунаввар айлаган маънавий хазина жавоҳири, қалб гавҳари бўлган муқаддас Китобнинг анвойи ҳиди!

Болалигимда уйимиздан бир кўча наридаги туман кутубхонасига қадам қўйишим билан биринчи бўлиб турли китобларнинг ажиб ҳиди димоғимга урилар эди. Мана шу ёқимли бўй мен учун маънавият оламининг муқаддас мушку анбарига айланди, бир умрга менга ҳамроҳ бўлди.

БОЛАЛИК КОШОНАСИ

70 йилларда қурилган биноларни бугунгилари билан солиштириб бўлмайди албатта. Шундай бўлсада, ўша даврдаги туманимиз кутубхонаси ҳали-ҳамон мен учун дунёдаги энг муҳташам кошонадай хотирамда муҳрланиб қолган. Очиғи кунда-кунора бу китоб саройига борар эканман алоҳида жиддий ҳозирлик кўрар эдим. Сиз Эрмитаж музейи ёки театрга боришга ҳозир қандай ясан-тусан қилсангиз мен ҳам шундай қилардим.

Ўша дамда болалик тасаввуримда жаҳондаги энг чиройли иншоотлар фақат кутубхоналар бўлса керак, деб ўйлардим. Шинамлиги, тоза-озодалиги, кенг ва ёруғлиги назаримда муаззам саройлардан қолишмас эди.

...Минг бир ҳаяжон билан кутубхона остонасини хатлайман. Дунёдаги жамики китобларнинг “меҳрибон” дўсти, ширин сухан, истараси иссиқ Ирини Сергеевна табассум билан илиқ кутиб олади.
Ниҳоятда одоб ва тавозе билан китоб жавонларининг ёнига бораман. Мана дунё мўъжизаси мендек содда қишлоқ боласи олдида виқор билан ял-ял товланиб турибди. Лев Толстой, Пушкин, Лермонтов, Навоий, Бобур, Александр Дюма, Фенимор Купер, Виктор Гюго, Мопассан, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов...

Жаҳон адабиёти афсунгарларига бир-бир секин кўз ташлайман. Мен бу улуғлар даврасини қизиқувчанлик билан кузатаман. Қалбимда бир ғурур пайдо бўлади. Чиройли қилиб тахланган бежирим муқовали китоблар ноёб хазинанинг асл инжуларига ўхшайди. Китобларнинг худди жони бордек, ҳозир тилга кирадигандек. Мен оддий бир 6-синф ўқувчиси, мана шундай улуғвор ганжинага бемалол қўл узатишим, баҳраманд бўлишим мумкин. Менда беихтиёр дахлдорлик ҳисси пайдо бўлади. Оламни лол қилган алломалар ёнида турибман. Улар билан суҳбат қуришим, савол беришим, маслаҳат олишим мумкин. Мана шу тасаввур кутубхонанинг улуғворлигини, чўнглигини янада оширгандай бўлади. Бу ерда ишлаётган ходимлар гўзал ва сирли оламнинг фаришталари каби. Уларга ҳавас қиламан, орзуларга чўмаман.

Китобларни қўлга оларканман беҳад қувонаман. Бағримга маҳкам босаман. Маърифат ёмбиси қўлимда товланади. Дунёда мендан бахтли одам йўқ. Уйга келиб мукка тушиб мутолаага киришаман. Муҳташам саройга, улуғлар даврасига яна тезроқ қайтиб бориш, гўзалликдан баҳра олиш учун мижжа қоқмайман.

Турли саналар сабаб кутубхонада ўтадиган тадбирларда фаол китобхон сифатида мен ҳам қатнашар эдим. Асарлардан парчаларни ёддан ўқиб бериш, турли саҳна кўринишларини ижро этиш, айниқса олам-олам завқ бахш этар эди. Ўзимизни улғайгандек, ажойиб ишларга қодир инсонлардек ҳис қилар эдик.

...Бугун 13 сентябрь куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори эълон қилинганига бир йил бўлди. Шу баҳона болалик ва ўсмирлик чоғларимда мана шундай ёрқин хотиралар қолдирган кутубхонани эсга олдим.

Дарҳақиқат бугун юртбошимизнинг шахсий ташаббус ва даьватлари мамлакат бўйлаб китобхонлик бўйича улкан ва эзгу оммавий ҳаракатни бошлаб берди. Кутубхона, китоб, китобхонлик деган муқаддас тушунчалар давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Биргина эътироф: бу қарор билан Ўзбекистонда китобга ҳайкал қўйилди.

1 897
Манба api.uz