Дафтар муқовасидаги хавф

Ручкани сал қаттиқроқ босса, қоғози тешиларкан. Бунинг устига, ёзув излари варақ орқасига ҳам ўтиб кетган. Яхшилаб эътибор берсам, сифати яхши эмас. Жуда енгил, варақлари юпқа. Орқа тарафида эса дафтарни ишлаб чиқарган корхона манзили, қандай стандарт асосида тайёрлангани билан боғлиқ ҳеч қандай маълумот йўқ. Фақат «ЧП Абдумаликов» деган ёзув бор, холос. Демак, бу ностандарт, қўлбола усулда ишлаб чиқарилган».

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган матбаа корхоналарининг умумий сони 1718 тани ташкил этади. Шулардан 82 таси китоб ва дарсликлар, 294 таси даврий босма нашрлар, 51 таси дафтар, 91 таси канцелярия ва бланклар, 385 таси реклама, 815 таси эса бошқа йўналишдаги матбаа маҳсулотларини чоп этишга ихтисослашган.

— Қонуний асосда фаолият юритиб, жамият ва мамлакат ривожига муносиб ҳисса қўшаётган ҳамда шу орқали яхшигина даромад топаётган бизнес субъектлари сони кўп, — дейди Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори ўрибосари ­Ўктам Хамраев. — Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, соҳада қонун талабларига амал қилмайдиган, шахсий манфаат йўлида иқтисодиётга зарар етказишдан тоймайдиганлар ҳам учраб турибди.

Республикамиз ҳудудига контрафакт матбаа маҳсулотларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, тарқатиш манбаларини аниқлаш ва олдини олиш бўйича агентлик томонидан ҳамкор ташкилотлар билан доимий равишда турли тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада жорий йилнинг ўтган даврида ўндан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, Навоий вилоятида якка тартибдаги тадбиркор Г. Исаева «Баёз» нашриёти грифи остида чоп этилган қалбаки китоб савдоси билан шуғулланган. Қашқадарё вилояти Қамаши шаҳрида жойлашган «Китоблар дурдонаси» дўконида эса қўлбола усулда тайёрланган мактаб дарсликлари сотилаётгани аниқланган. Ёки «Smart Brain» OK, «Sun Trade Group», «Brok class servis» ва «Qog‘oz Kapital Biznes» каби масъулияти чекланган жамиятлари томонидан давлат стандартларига зид равишда ишлаб чиқарилган 12 ҳамда 48 варақли дафтарлар пойтахт бозорларида сотувга чиқарилган. Тошкент шаҳридаги «Чорсу» бозори атрофида жойлашган савдо дўконлари ва расталарида, Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган «Илм шуъласи» улгуржи бозорида ҳам бир қатор фактлар аниқланиб, қонуний чора кўриш учун ваколатли органларга юборилган.

— Кўрилаётган чораларга қарамай, бозор ва савдо растларида турли хилдаги сифатсиз, миллий маънавиятимизга зид, «оммавий маданият»ни тарғиб этувчи маҳсулотлар савдоси камаймаётгани кузатилмоқда, — дейди Ўктам Хамраев. — Бундай ҳолатларнинг юзага келиши, аввало, айрим олғир тадбиркорларнинг яширин цехларда ўзганинг маҳсулотидан нусха кўчириб, солиқдан қочиб савдо қилаётгани, кўпроқ фойда олиш илинжида стандартда белгилангандан кўра, енгил ва сифатсиз қоғозни ишлатаётгани, турли қинғир йўллар билан хориждан миллий стандартларимизга зид маҳсулотлар кириб келаётгани билан боғлиқ. Шунинг учун контрафакт матбаа маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ва савдосига қарши кураш бўйича бир нечта самарали, таъсирчан чора-тадбирларни амалга ошириш лозим.

Биринчидан, контрафакт матбаа маҳсулотлар ишлаб чиқарилишининг олдини олиш керак. Бунинг учун ота-оналарни уларни харид қилмасликка чақириб, бу маҳсулотлар етказиши мумкин бўлган зарарлар ҳақида ижтимоий роликлар тайёрлаш, уларни оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарқатиш зарур. Иккинчидан, контрафакт матбаа маҳсулотларини ишлаб чиқарганлик ёки унинг савдоси билан шуғулланганлик учун жарима миқдорини ошириш лозим. Учинчидан, ишлаб чиқарувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш зарур. Кейинги тадбир бу — босмахона-нашриёт-харидор ўртасида уч томонлама шартнома тузилса, мақсадга мувофиқ. Бу истеъмолчи сотувчидан сотиб олаётган маҳсулоти давлат стандартларига тўла жавоб бериш-бермаслигини билмоқчи бўлганда асқатади.

Шаҳобиддин РАСУЛОВ, «Оила даврасида» мухбири

1 167
Манба api.uz