Агентлик кубоги учун футбол мусобақаси ўтказилади

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон футбол ассоциацияси кўмагида телевидение, радио, матбуот нашрлари, интернет сайтлари, нашриёт-матбаа ижодий уйлари жамоалари ўртасида Агентлик кубоги учун мини-футбол мусобақаси ўтказилишини эълон қилади.

Мусобақа 5 та гуруҳга бўлинган жамоалар ўртасида ташкил этилади.

“А” гуруҳида мамлакатимиз телевидениелари, “В” гуруҳида радиоканаллари, “С” гуруҳида республика газета ва журналлари таҳририятлари, “D” гуруҳида интернет тармоғида ОАВ сифатида фаолият кўрсатаётган веб-сайтлар, “E” гуруҳида Агентлик тизимидаги корхоналарнинг жамоалари ўзаро беллашадилар.

Жамоалар йўналишидан келиб чиқиб, битта таҳририятдан ёки бир йўналишдаги бир нечта таҳририят вакилларидан тузилиши, жамоа аъзоларининг умумий сони 8 нафардан кам бўлмаслиги лозим.

Учрашувлар Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ажратиладиган тажрибали ҳакамлар иштирокида мини-футбол қоидаларига кўра ташкил қилинади.

Мусобақада иштирок этиш учун аризалар ҳамда жамоалар рўйхати жорий йилнинг 1 ноябридан 15 ноябрига қадар Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан қабул қилинади. Жамоалар мусобақада иштирок этиш ҳақида:

- ариза;

- жамоа рўйхати;

- жамоа аъзоларининг ҳар бири ОАВ ёки нашриётда ишлаши ҳақидаги маълумот нусхасини тақдим этиши лозим.

Ғолиблар қуйидаги кўринишда мукофотланади:

1-ўринни эгаллаган жамоа аъзоларининг ҳар бирига китоблар жамланмаси, мусобақа кубоги ҳамда жамоага 10 миллион сўм пул маблағи.

2-ўринни эгаллаган жамоа аъзоларининг ҳар бирига китоблар жамланмаси ҳамда жамоага 8 миллион сўм пул маблағи.

3-ўринни эгаллаган жамоа аъзоларининг ҳар бирига китоблар жамланмаси ҳамда жамоага 6 миллион сўм пул маблағи.

Шунингдек, “Энг яхши ўйинчи”, “Энг яхши тўпурар”, “Энг яхши дарвозабон”, “Энг яхши ярим ҳимоячи” ҳамда “Энг яхши ҳимоячи” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланади ва пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

Футбол учрашувлари Ўзбекистон футбол ассоциациясининг сунъий қопламали майдонларида 2018 йилнинг 1-5 декабрь кунлари бўлиб ўтади.

Манзил: Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 30-уй.

Батафсил маълумотларни (71) 244-23-72, (99) 898-06-20, (99) 870-83-04 телефон рақамлари, Агентликнинг www.api.uz расмий сайти ҳамда @matbuotminbari телеграм канали орқали олишингиз мумкин.

Ташкилий қўмита.

1 895
Манба api.uz