Агентлик контрафакт маҳсулотларидан огоҳлантиради

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан контрафакт маҳсулотларига қарши кураш мақсадида махсус электрон сайтини яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Мазкур сайтни яратишдан мақсад, ҳозирги кунда юртимиз бозорларини эгаллаб олаётган контрафакт маҳсулотларга қарши ваколатли давлат органлари билан бир қаторда жамоатчилик вакилларини ҳам жалб этишдан иборатдир.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси каби ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда бир қанча тадбирлар ўтказилаётганлигига қарамасдан, қонунчилигимизда яратилаётган имкониятларни суистеъмол қилаётган айрим “уддабурон” тадбиркорлар давлат стандарт талабларига жавоб бермайдиган ва сифатсиз матбаа маҳсулотларини ишлаб чиқармоқда, хорижий давлатлардан олиб кирмоқда ва сотмоқдалар.

Бугунги кунда бозорларимиздаги контрафакт матбаа маҳсулотларининг аксариятини мактабгача таълим муассасаларига, мактабларга, ўрта ва олий таълим муассасаларига мўлжалланган ёзув, кундалик ва расм дафтарлари, шунингдек, дарсликлар ташкил этмоқда.

Бундай ҳолат ҳалол ва қонунга итоат қилиб ишлайдиган корхоналаргажиддий моддий зарар етказмоқда, давлат бюджетига тушадиган тушумларнинг камайиб кетишидан ташқари, энг асосийси, истеъмолчи (фойдаланувчи)ларнинг соғлигига жиддий зарар етказаётганлиги ва бунга айрим фуқароларимизнинг бефарқ бўлаётганлиги ачинарли ҳолатдир.

Юртдошларимиздан электрон сайти тўлиқ ишга тушганга қадар, ҳар қандай контрафакт маҳсулотлари ҳақидаги маълумотларни, шу жумладан контрафактга қарши кураш самарадорлигини ошириш юзасидан таклифларини Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг info@api.uz электрон почтасига юборишларини сўраймиз.

Контрафактга оид қонунчилик нормалари ижросини таъминлаш орқали бозорларимизни инсон соғлигига зарар етказувчи ностандарт маҳсулотлардан халос этишга бефарқ бўлмаган ва бу жараёнда ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлган юртдошларимизга олдиндан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

1 2018
Манба api.uz