«ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ
«ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА
Қонунчилик палатаси томонидан 2015 йил 17 апрелда қабул қилинган 
Сенат томонидан 2015 йил 15 майда маъқулланган
 
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 29 апрелда қабул қилинган «Электрон тижорат тўғрисида»ги 613-II-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 йил, № 5, 82-модда) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқлансин (илова қилинади).
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
 LexUZ шарҳи
Ушбу Қонун «Халқ сўзи» газетасининг 2015 йил 23 майдаги 103 (6286)-сонида эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2015 йил 22 май,
ЎРҚ-385-сон
 
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ
Электрон тижорат тўғрисида
(янги таҳрири)
 
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади электрон тижорат соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Электрон тижорат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Электрон тижорат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг электрон тижорат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Электрон тижорат
Ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган шартномага (бундан буён матнда электрон тижоратдаги шартнома деб юритилади) мувофиқ амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдиси электрон тижоратдир.
4-модда. Электрон тижоратнинг асосий принциплари
Электрон тижоратнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
электрон тижоратда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш эркинлиги;
электрон тижоратда шартномалар тузишнинг ихтиёрийлиги;
электрон тижоратда иштирок этиш шарт-шароитларининг тенглиги;
электрон тижорат иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши.
5-модда. Электрон тижорат соҳасидаги давлат сиёсати
Электрон тижорат соҳасидаги давлат сиёсати электрон тижоратни ривожлантириш учун ҳуқуқий, иқтисодий, ташкилий, техникавий ва бошқа шарт-шароитлар яратишга йўналтирилгандир.
Электрон тижорат соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
электрон тижорат воситасида амалга ошириладиган тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;
электрон тижорат воситасида амалга ошириладиган тадбиркорлик соҳасига инвестициялар, замонавий технологиялар ва жиҳозларни жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш;
тадбиркорлик фаолияти субъектларини уларнинг электрон тижорат соҳасидаги фаолияти учун зарур бўлган ҳуқуқий, иқтисодий, статистик, ишлаб чиқариш-технологик, илмий-техникавий ва бошқа ахборот билан таъминлаш;
электрон тижорат соҳасидаги илмий-техникавий тадқиқотларни рағбатлантириш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
электрон тижорат соҳасидаги халқаро ҳамкорлик.
 LexUZ шарҳи
Хусусан, қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 30 январдаги 21-сонли «Электрон тижоратни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 4 декабрдаги 353-сонли «2016 — 2018 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида электрон тижоратни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» қарори.
6-модда. Электрон тижорат соҳасини давлат томонидан тартибга солиш
Электрон тижорат соҳасини давлат томонидан тартибга солишни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва у электрон тижорат соҳасида махсус ваколат берган давлат органи (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади) амалга оширади.
7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг электрон тижорат соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
электрон тижорат соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди;
электрон тижорат соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди ва амалга оширади;
 LexUZ шарҳи
Хусусан, қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 4 декабрдаги 353-сонли «2016 — 2018 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида электрон тижоратни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» қарори.
давлат органларининг электрон тижорат соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
электрон тижорат соҳасидаги халқаро ҳамкорликни таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонуни.
8-модда. Махсус ваколатли давлат органининг ваколатлари
Махсус ваколатли давлат органи:
электрон тижорат соҳасидаги давлат дастурларини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этади;
бошқа манфаатдор давлат органлари ва ўзга ташкилотлар билан биргаликда, ўз ваколатлари доирасида электрон тижорат соҳасидаги стандартлар, нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;
электрон тижоратни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
электрон тижорат иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кўради;
электрон тижорат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришда ва уларнинг ижросини таъминлашда иштирок этади;
электрон тижорат соҳасидаги тадқиқотларни ва мониторингни ташкил этади.
Махсус ваколатли давлат органи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 8 сентябрдаги 259-сонли «Электрон тижорат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2015 йил 22 майдаги ЎРҚ-385-сон Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 1-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги электрон тижорат соҳасида махсус ваколатли давлат орган ҳисобланади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 январдаги 37-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги тўғрисида»ги низом.
9-модда. Электрон тижоратдаги электрон ҳужжатларнинг ва электрон хабарларнинг юридик кучи
Электрон тижоратдаги электрон ҳужжатлар, шунингдек электрон шаклда қайд этилган, юборувчисини идентификация қилиш имкониятини берадиган ахборот (бундан буён матнда электрон хабарлар деб юритилади) ўз қўли билан имзоланган қоғоздаги ҳужжатларга тенглаштирилади ва улардан битимлар тузилганлигининг далили сифатида фойдаланилиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Шунингдек қаранг: Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 366-моддасининг тўртинчи қисми, Ўзбекистон Республикаси «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддаси, Ўзбекистон Республикаси «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги Қонунининг 5 ва 7-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 июндаги 185-сонли «Электрон тижоратда битимларни амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 2-банди.
Электрон тижоратдаги шартнома фақат ахборот тизимларидан фойдаланилган ҳолда тузилганлигига асосланиб ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин эмас.
Электрон тижоратда оферта электрон ҳужжат тарзида тузилади.
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 364-моддаси учинчи қисми ва 367-моддаси.
Электрон тижорат иштирокчисининг оферта қабул қилинганлиги тўғрисидаги жавоби (акцепт) электрон ҳужжат ёки электрон хабар тарзида ёхуд офертада кўрсатилган шартларни бажариш бўйича ҳаракатларни содир этиш йўли билан амалга оширилиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 364-моддаси учинчи қисми ва 370-моддаси.
10-модда. Электрон тижорат иштирокчиси
Электрон тижоратда товарларни (ишларни, хизматларни) сотувчи ёки уларнинг харидори бўлган юридик ёки жисмоний шахс электрон тижорат иштирокчисидир.
Электрон тижоратда товарларни (ишларни, хизматларни) сотувчи юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланади.
Электрон тижоратда иштирок этиш, агар қонунда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, унинг иштирокчисига нисбатан ахборот тизимларидан фойдаланмасдан амалга оширилаётган тадбиркорлик фаолиятига нисбатан қўшимча талаблар ёки чекловлар белгиланиши учун асос бўла олмайди.
11-модда. Электрон тижорат иштирокчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Электрон тижорат иштирокчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
электрон тижорат мақсадида ишлаб турган ахборот ресурсларида офертани жойлаштириш (таклиф этиш);
электрон тижоратдаги шартномаларни тузиш йўли билан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш ёки олиш;
электрон ҳужжатлар ва электрон хабарларни ахборот воситачиларига сақлаш учун топшириш.
Электрон тижорат иштирокчиси — товарларни (ишларни, хизматларни) сотувчи:
электрон тижоратда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишда рақобат тўғрисидаги ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Рақобат тўғрисида»ги ва «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлари.
қонун ҳужжатларига мувофиқ электрон ҳужжатлар ва электрон хабарларнинг сақланишини таъминлаши;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги Қонунининг 16-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 июндаги 185-сонли қарори билан тасдиқланган «Шартномаларни тузишда электрон рақамли имзоларни қўллаш ва электрон ҳужжатларни ҳамда электрон тижоратда қўлланиладиган электрон хабарлардаги мавжуд ахборотни сақлаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг IV боби («Тузиладиган шартномалар бўйича электрон ҳужжатларни, хабарларни ва бошқа электрон ахборотни сақлашда электрон тижорат иштирокчилари ва ахборот воситачиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари»).
электрон тижорат соҳасидаги стандартлар, нормалар ва қоидаларга риоя этиши шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
 
Электрон тижорат иштирокчиси — товарларни (ишларни, хизматларни) сотувчи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан, фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга оширган тақдирда эса тегишли лицензияни олган пайтдан эътиборан электрон тижоратни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
(11-модда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-455-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.12.2017 й., 03/18/455/0492-сон)
Электрон тижорат иштирокчиси қонун ҳужжатларига ҳамда шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 июндаги 185-сонли қарори билан тасдиқланган «Электрон тижоратни амалга ошириш қоидалари»нинг 10 ва 11-бандлари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
 
111-модда. Электрон тижорат соҳасида ҳисоб-китоблар
Электрон тижорат соҳасида ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, «Электрон тўловлар тўғрисида»ги, «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
(111-модда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-455-сонли Қонунига асосан киритилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.12.2017 й., 03/18/455/0492-сон)
12-модда. Ахборот воситачиси
Электрон тижоратда электрон ҳужжатлар ва электрон хабарлар айланиши билан боғлиқ хизматлар кўрсатувчи юридик шахс ахборот воситачисидир.
Ахборот воситачилари жумласига қуйидагилар киради:
электрон тижорат иштирокчиларининг электрон ҳужжатлари ва электрон хабарлари айланиши бўйича хизматлар кўрсатувчи телекоммуникация тармоқлари операторлари ва провайдерлари;
электрон тижорат иштирокчиларининг тўлов тизимларидан фойдаланилишини ва тўловлар ўтказилишини таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи банклар;
электрон ярмаркалар, кимошди савдолари ва танловлар ташкил этилишини амалга оширувчи юридик шахслар;
электрон тижорат иштирокчиларининг электрон ҳужжатлари ва электрон хабарларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар.
Ахборот воситачилари жумласига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа юридик шахслар ҳам киритилиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 июндаги 185-сонли қарори билан тасдиқланган «Электрон тижоратни амалга ошириш қоидалари»нинг 14 ва 15-бандлари.
13-модда. Ахборот воситачисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Ахборот воситачиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўз ваколати доирасида шартнома асосида электрон тижоратда электрон ҳужжатлар ва электрон хабарлар айланиши билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш;
электрон тижорат иштирокчиларига кўрсатиладиган хизматлар шартларини белгилаш.
Ахборот воситачиси:
электрон тижорат соҳасидаги стандартлар, нормалар ва қоидаларга риоя этиши;
ўзининг тўлиқ номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, кўрсатиладиган хизматлар, уларни кўрсатиш шартлари ва қийматлари (тарифлари) ҳақидаги ахборотни электрон тижорат иштирокчиларига ошкор қилиши;
электрон ҳужжатларнинг ва электрон хабарларнинг мазмунини, улардан фойдаланиш тартибини ўзгартирмаслиги (бундан электрон тижорат иштирокчилари билан тузилган шартномаларда назарда тутилган ҳоллар мустасно);
электрон ҳужжатларни, электрон хабарларни ҳамда шахсга доир маълумотларни рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилиш чора-тадбирлари билан таъминлаши;
электрон ҳужжатларни ва электрон хабарларни учинчи шахсларга юбормаслиги (бундан қонунда ёки шартномада назарда тутилган ҳоллар мустасно) шарт.
Электрон тижорат иштирокчиларининг ахборот воситачиси орқали юборилаётган электрон ҳужжатлари ва электрон хабарлари мазмуни билан боғлиқ бўлган ҳуқуқий оқибатлар учун ахборот воситачиси жавобгар бўлмайди.
Ахборот воситачиси қонун ҳужжатларига ҳамда шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 июндаги 185-сонли қарори билан тасдиқланган «Электрон тижоратни амалга ошириш қоидалари»нинг 16–19-бандлари.
14-модда. Электрон тижоратдаги шартнома шартлари
Электрон тижоратдаги шартнома шартлари қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлиши керак.
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 354-моддаси бешинчи қисми ва 359-моддаси.
Электрон тижоратдаги шартнома унга ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган ахборот ресурсида жойлаштирилган электрон ҳужжатга ҳавола қилиш йўли билан киритиладиган алоҳида шартларни ўз ичига олиши мумкин. Бу ҳолда электрон ҳужжатни жойлаштирган электрон тижорат иштирокчиси қонун ҳужжатларида ёки шартномада белгиланган муддат мобайнида ундан эркин фойдаланиш имкониятини таъминлаши, бу муддат ўтганидан кейин эса мазкур электрон ҳужжатнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда сақланишини таъминлаши шарт.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги Қонунининг 16-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 июндаги 185-сонли қарори билан тасдиқланган «Шартномаларни тузишда электрон рақамли имзоларни қўллаш ва электрон ҳужжатларни ҳамда электрон тижоратда қўлланиладиган электрон хабарлардаги мавжуд ахборотни сақлаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 13–24-бандлари.
15-модда. Электрон тижоратдаги шартномани тузиш ва бажариш
Электрон тижоратдаги шартнома акцептни амалга ошириш йўли билан:
электрон ҳужжат тарзида;
электрон хабар тарзида;
офертада кўрсатилган шартларни бажариш бўйича ҳаракатларни содир этиш орқали тузилиши мумкин.
Электрон тижоратдаги шартнома офертани юборган электрон тижорат иштирокчиси томонидан офертанинг акцепти олинган пайтдан эътиборан тузилган деб эътироф этилади.
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 27-боби («Шартнома тузиш»), Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунининг 11-моддаси иккинчи қисми ва 12-моддаси.
Электрон тижоратдаги шартномани бажариш билан боғлиқ ҳужжатлар электрон ҳужжат тарзида ёки қоғозда расмийлаштирилиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 21-боби («Мажбуриятларни бажариш»), Ўзбекистон Республикаси «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунининг 14-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 июндаги 185-сонли қарори билан тасдиқланган «Электрон тижоратни амалга ошириш қоидалари»нинг V боби («Шартнома тузиш тартиби»).
16-модда. Электрон тижоратда офертага қўйиладиган талаблар
Электрон тижоратда оферта:
оферта қилувчи электрон тижорат иштирокчисининг тўлиқ номини;
оферта қилувчи электрон тижорат иштирокчисининг почта ва электрон манзилини;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни (лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг рақами, амал қилиш муддати, лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришга ваколатли органнинг номи);
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Қонунининг 7 — 9-моддалари, Ўзбекистон Республикаси «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунининг 4-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 21 майдаги 222-II-сонли Қарори билан тасдиқланган «Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати», Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 августдаги 225-сонли қарари билан тасдиқланган «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар рўйхати».
электрон тижоратдаги шартномани тузиш тартибини;
электрон тижоратдаги шартнома шартларини келишиб олиш чоғида унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш имконияти ҳамда тартибини;
акцептни юбориш ва чақириб олиш тартибини;
товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш ва уларга ҳақ тўлаш шартларини, шунингдек улар учун таклиф этилаётган нархларни (тарифларни);
ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган ахборот ресурсида жойлаштирилган электрон ҳужжатга ҳавола қилиш йўли билан шартномага киритиладиган шартларга тааллуқли қайдларни ўз ичига олган бўлиши керак.
Электрон тижоратда оферта қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ахборотни ҳам ўз ичига олиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 367-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 июндаги 185-сонли қарори билан тасдиқланган «Электрон тижоратни амалга ошириш қоидалари»нинг 1224—35-бандлари.
17-модда. Электрон тижоратда давлат харидлари ва корпоратив харидларни амалга ошириш
Электрон тижорат доирасидаги давлат харидлари ва корпоратив харидларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 11 июндаги 166-сонли «Давлат ва корпоратив харидлар жараёнини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори.
18-модда. Электрон тижоратда шахсга доир маълумотлардан фойдаланиш
Агар тарафларнинг келишувида ва (ёки) қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, электрон тижоратда шахсга доир маълумотлардан шартнома мақсадидан ўзга мақсадларда фойдаланиш ҳамда уларни учинчи шахсларга бериш тақиқланади.
Шахсга доир маълумотлардан офертани ва (ёки) рекламани тарқатиш, шу жумладан электрон ҳужжатларни ёки электрон хабарларни оммавий тарзда юбориш орқали тарқатиш учун ушбу маълумотлар эгасининг розилигисиз фойдаланишга йўл қўйилмайди.
19-модда. Низоларни ҳал этиш
Электрон тижорат соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
20-модда. Электрон тижорат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Электрон тижорат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 20-сон, 250-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.12.2017 й., 03/18/455/0492-сон)


Яқин хабарлар