Бош прокуратура вакиллари Халқаро коррупцияга қарши курашиш академиясида бўлди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси делегацияси Вена шаҳрида жойлашган Ҳалқаро коррупцияга қарши курашиш академиясига ташриф буюрди. Ўзбекистон Бош прокурори О.Муродов академия ректори Мартин Кройтнер билан учрашди. 
 
Халқаро коррупцияга қарши курашиш академияси раҳбарига Ўзбекистонда корруцияга қарши курашиш, унинг даражасини минималлаштириш, давлат ва жамият ҳаётидаги коррупциоген омилларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
 
Хусусан, 2017 йилда Президент ташаббуси билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонуни ва 2017-2018 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурига алоҳида эътибор қаратилди.
 
Халқаро-ҳуқуқий нуқтаи назардан БМТ коррупцияга карши курашиш Конвенцияси ва Коррупцияга қарши курашиш бўйича Истамбул ҳаракатлар режаси тавсияларини имплементация қилиш, жиноят ишларини тергов қилиш ва активларни қайтариш бўйича олиб борилган ишлар борасида айтиб ўтилди.
 
Шу билан бир қаторда, мазкур ҳужжатда ушбу ғайриижтимоий ҳодисага қатъий муросасизликни шакллантириш, жамиятнинг хабардорлигини ошириш бўйича кенг тарғибот-ташвиқот ишлари акс эттирилган.
 
Ўз навбатида М.Кройтнер Ўзбекистонда ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида Академиянинг зарурий экспертлик салоҳиятини сафарбар қилишга тайёр эканлигини айтиб ўтди.
 
Учрашув якунида Академия раҳбари келгусида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш ҳамда олиб борилаётган ислоҳотлар билан танишиш мақсадида Ўзбекистон Республикасига таклиф этилди.
 

ЎзА

1665
Манба api.uz