"Ўзбeкистон Миллий Энциклопeдияси" Давлат илмий нашриёти

Кўп жилдли Ўзбекистон миллий энциклопедияси, соҳа энциклопедиялари, изоҳли ва кўп тилли луғатлар, маълумотномалар тайёрлаш ва нашр этишга ихтисослашган илмий-маърифий муассаса. Дастлаб Ўзбекистон ҳукуматининг "Ўзбек совет энциклопедияси Бош редакциясини ташкил этиш ҳақида"ги қарори (1968-йил 18-январ) билан Тошкентда Ўзбекистон ФА тарикибида (Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт институтининг 1965-йил тузилган энциклопедия бўлими негизида) Ўзбек совет энциклопедияси Бош редакцияси номи билан ташкил этилган. 1990-йилдан 1997-йилга қадар "Қомуслар Бош таҳририяти" деб юритилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997-йил 20-мартдаги 154-сонли қарори билан "Ўзбекистон миллий энциклопедияси" Давлат илмий нашриётига айлантирилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2004-йил 11-июндаги қарори асосида нашриётга Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти ва Абу Али ибн Сино номидаги Тиббиёт нашриёти қўшилиши муносабати билан қайта ташкил этилган. Муассис Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги.

Нашриётнинг асосий фаолияти жамият ҳаётининг барча соҳалари бўйича энциклопедик нашрлар, луғатлар, маълумотномалар, ўзбек халқининг тарихий, маданий мероси, қадриятлари, тиббиёти, спорт ва бошқа нашрларга бўлган аҳоли эҳтиёжини қондиришдан иборат.

Нашриётда 2007-йил 1-январга 6 та илмий таҳририят: Илмий-услубият ва сўзлик; Ижтимоий-иқтисодий фанлар; Табиий фанлар; Тиббиёт; Адабиёт ва санъат; Тарих ва қадриятлар; таҳририятлари ҳамда Ишлаб чиқариш, Бухгалтерия ва иқтисодий таҳлил бўлимлари бор. Нашриётга илмий-методик раҳбарликни жамоатчилик асосида ишлайдиган Бош таҳрир ҳайъати (универсал энциклопедияга) амалга оширади. Унинг таркибига йирик олимлар, жамоат арбоблари, нашриёт раҳбарлари кирган. Бош таҳрир ҳайъати ЎзМEнинг ғоявий, илмий, таҳририй ва бадиий даражасини оширишда, мақолалар мезонини белгилашда, сўзликларни тасдиқлаш, мураккаб ва мунозарали масалаларни ҳал этишда қатнашади, ҳар бир жилд материалларини нашрга тавсия этади.

Нашриёт илмий таҳририятлари ҳузурида фан соҳалари бўйича илмий-маслаҳат кенгашлари ҳам тузилган. Уларнинг аъзолари Бош таҳрир ҳайъати аъзолари раҳбарлигида ишлайди ҳамда муайян соҳанинг сўзлиги ва мақолаларини кўриб чиқиб тасдиқлайди.

Нашриёт ўтган давр мобайнида 100 дан ортиқ номда турли энциклопедия ва фан соҳалари бўйича изоҳли луғатлар, маълумотномалар, луғатлар, оммабоп китоблар нашр этди. Булар орасида "Ўзбекистон Республикаси", "Тошкент" (рус ва ўзбек тилларида), "Пахтачилик" (2 жилдли, рус тилида), "Уй-рўзғор", "Саломатлик" энциклопедиялари, "Русча-ўзбекча луғат" (2 жилд), "Ўзбекча-русча луғат", "Ҳадис" (1–4-жилдлар; 4 марта нашр этилди), "Ёш физик энциклопедик луғат", "Ёш математик энциклопедик луғат", "ёш химик энциклопедик луғат", "Энциклопедик луғат" (2 жилд), "Болалар энциклопедияси" (3 марта нашр этилди), "Хотин-қизлар энциклопедияси" (3 марта нашр этилди), "Иш юритиш" (2 марта нашр этилди), "Ислом энциклопедияси", "Ўзбекистон Республикаси" (рус, ўзбек ва инглиз тилларида), "Ўзбек исмлари изоҳли луғати", "Нефт ва газ бўйича энциклопедик изоҳли луғат", "Физикадан изоҳли луғат", "Тилшунослик терминлари изоҳли луғати", "Русча-ўзбекча-хитойча сўзлагич", "Ўзбекча-арабча луғат", "Маънолар маҳзани" (ўзбек халқ мақолларининг изоҳи) ва б. адабиётлар, ўрта мактаб, касб-ҳунар коллежлари, тиббиёт мактаблари учун дарсликлар бор.

Нашриёт 2000—2006-йилларда 12 жилдлик Ўзбекистон миллий энциклопедияси нашрини якунлади. ЎзМEнинг 1—11-жилдларида умумий ҳажми 1600 нашриёт-ҳисоб табоғини ташкил этган қарйиб 50 минг мақола берилди. ЎзМE ҳар бир жилдида 800—1200 атрофида рангли ва оқ-қора суратлар, хариталар ўрин олди. 5 мингга яқин муаллиф ва тақризчилар қатнашди. Ўзбекистон миллий энциклопедиясининг 12-жилди мақолалари фақат Ўзбекистонга тегишлидир.

Директор: Одилов Миракбар 
Тел.: (99871) 244-34-38

Манзил: Тошкент, 100129, Навоий, 30. 
Тел.: 244-34-38, 244-08-49
Факс: 244-24-91
э-маил:uzme@ensiklopediya.uz
 
1641
Манба api.uz