Юридик бўлим

Юридик бўлимнинг вазифалари ва функциялари:

1) Агентликнинг ҳуқуқ ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш фаолиятида бевосита қатнашиш;
2) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини белгиланган талабларга мувофиқ юритиш;
3) Агентлик ходимларининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишда, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмуни ва моҳиятини уларга етказишда қатнашиш;
4) Агентлик ва унинг тизимига кирадиган бўлинмалар, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятида қонунийликни таъминлашга кўмаклашиш;
5) Агентликнинг шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритишда қатнашиш;
6) судларда ва бошқа идораларда Агентликнинг мулкий ва бошқа манфаатларини ҳимоя қилиш.

Агентликнинг юридик бўлими ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

1) ҳуқуқ ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва ҳуқуқий маданиятни ошириш соҳасида:
а) Агентликнинг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятининг жорий ва истиқболли режаларини ишлаб чиқади ёки уларнинг ишлаб чиқилишида амалга оширилиши ва бажарилишини назорат қилишда қатнашади;
б) Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ёхуд ишлаб чиқишда қатнашади;
в) Агентликнинг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ишлаб чиқади ёхуд ишлаб чиқишда ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва давлат рўйхатига олиш учун юборишда қатнашади;
г) мустақил ёки бошқа бўлинмалар билан биргаликда экспертизадан ўтказиш ва Агентлик билан келишиш учун тақдим қилинган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказади, уларнинг қонунчиликка ва қонунчилик техникаси талабларига мувофиқлиги юзасидан ҳуқуқий хулосалар тайёрлайди;
д) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича эътироз ва таклифлар бўлмаса, уларга виза қўяди. Бунда лойиҳаларга юридик бўлим томонидан Агентликнинг бошқа ваколатли таркибий бўлинмаларидан (ходимларидан) кейин виза қўйилади;
е) Агентлик фаолияти соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда қатнашади;
ж) Агентликка келиб тушган ва Агентликнинг ўзи томонидан чиқарилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини белгиланган талабларга мувофиқ юритади, уларнинг сақланишини ва назорат қилинишини таъминлайди;
з) Агентликнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фондини тўлдириш, шу жумладан фондни кодекслар, қонунлар, шарҳлар, ахборотномалар ва бошқа ҳуқуқий нашрлар билан бутлаш чораларини кўради, Агентлик раҳбариятига ҳуқуқий нашрларга обуна бўлиш ҳақида таклифлар киритади;
и) Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича қонун ҳужжатлари тўпламларини нашр этишга тайёрлайди;
к) Агентлик раҳбарияти учун қонунчилик масалалари бўйича таҳлилий материаллар тайёрлайди;
л) Агентлик ва унинг тизимига кирадиган бўлинмалар ходимларининг ҳуқуқий билимларини ошириш тадбирларини ташкил этиш тўғрисида таклифлар киритади, ушбу тадбирларни ўтказишда қатнашади;
м) Агентлик фаолиятига тегишли қонунчиликни тарғиб қилиш ишларини амалга оширади;
н) Агентлик ходимларининг мурожаатлари бўйича уларга Агентлик фаолиятига тегишли ҳуқуқий ҳужжатларни топишга кўмаклашади, зарур ҳолларда уларнинг қоидалари бўйича тушунтиришлар беради;
2) Агентлик фаолиятида қонунийликни таъминлаш соҳасида:
а) Агентликда ва унинг тизимига кирувчи бўлинмаларда қонун бузилишларини, уларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида таклифлар киритади, зарур ҳолларда ушбу чора-тадбирларни амалга оширишда қатнашади;
б) Агентлик раҳбариятига тақдим қилинадиган буйруқлар, фармойишлар ва ҳуқуқий тусдаги бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини уларнинг қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказади ҳамда улар бўйича эътироз ва таклифлар бўлмаса, виза қўяди. Бунда лойиҳаларга юридик бўлим томонидан Агентликнинг бошқа ваколатли бўлинмаларидан (ходимларидан) кейин виза қўйилади;
в) мустақил равишда ёки бошқа бўлинмалар билан биргаликда Агентликнинг буйруқлари, фармойишлари ва ҳуқуқий тусдаги бошқа ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида таклифлар тайёрлайди;
г) Агентликда ва унинг тизимига кирадиган бўлинмаларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганади, таҳлил қилади ва умумлаштиради, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди ва раҳбариятга киритади;
д) Агентликда ва унинг тизимига кирадиган бўлинмаларда мулк сақланиши таъминланишининг ҳуқуқий механизмларини ташкил қилади;
е) Агентликнинг бошқа бўлинмалари билан биргаликда Агентлик, унинг тизимига кирадиган бўлинмалар ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятида қонунийликнинг бузилиши кўрсатилган аризалар, шикоятлар ва бошқа мурожаатларни кўриб чиқади;
ж) Агентликда бошқарув тизимини такомиллаштириш, Агентлик тизимига кирадиган бўлинмалар ва уларнинг мансабдор шахсларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда қатнашади;
з) Агентликда меҳнат ҳақидаги қонунга риоя этилишини таъминлашда, шу жумладан меҳнат муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатларни (меҳнат шартномаси, жамоавий шартнома, жамоавий битим ва бошқаларни) ишлаб чиқишда қатнашади, ушбу ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлигини текширади ва ҳуқуқий хулоса беради;
3) шартномавий-ҳуқуқий, талабнома-даъво ишлари ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш соҳасида:
а) бошқа бўлинмалар билан биргаликда Агентлик томонидан шартномалар тайёрланиши ва тузиш ишларида қатнашади, уларнинг қонунчиликка мувофиқлигини текширади ҳамда шартномалар лойиҳаларига, агар эътироз ва таклифлари бўлмаса, виза қўяди. Бунда лойиҳаларга юридик бўлим томонидан Агентликнинг бошқа ваколатли таркибий бўлинмаларидан (ходимларидан) кейин виза қўйилади;
б) қонунчиликда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг икки юз бараваридан ортиқ суммадаги шартномаларнинг қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан ёзма хулосаларни тайёрлайди ва имзолайди;
в) шартномаларни тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини назорат қилади;
г) Агентлик томонидан тузилган шартномаларни зарур даражада бажариш бўйича таклифлар киритади, шартномавий муносабатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишда қатнашади;
д) Агентликнинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича талабномалар тайёрлашда ва Агентликка нисбатан билдирилган талабномаларни кўриб чиқишда қатнашади, Агентликда талабномалар билдириш ва уларни кўриб чиқиш тартибига риоя этилишини назорат қилади;
е) тегишли бўлинмалар билан биргаликда Агентликнинг дебиторлик ва кредиторлик қарзлари аҳволини ўрганади, уларнинг миқдорини камайтириш чораларини кўради;
ж) шартномавий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар юзасидан даъво ишларини олиб боради;
з) Агентликнинг мулкий ва бошқа манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлашда ҳамда белгиланган тартибда суд мажлисларида қатнашади;
4) бошқа соҳаларда:
а) Агентлик тизимига кирадиган бўлинмаларнинг ҳуқуқий ишларига методик ёрдам кўрсатади, юридик бўлим фаолияти йўналишлари бўйича тавсияномалар ва кўрсатмаларни ишлаб чиқади;
б) қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар ҳақидаги маълумотларни, суд амалиётини, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ишларга тааллуқли кўрсатмаларини Агентлик тизимига кирадиган бўлинмаларга етказади;
в) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни бажаради.

Юридик бўлимга ушбу Низомда ёки бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган функциялар юклатилишига йўл қўйилмайди.
 

 

1105
Манба api.uz